Болалар кўзида қувонч порлади
Олимларнинг таъкидлашича, болалар кўзидаги қувончдан гўзалроқ ҳолатнинг ўзи бўлмас экан.
Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ кинология бўлинмаси ходимлари Янги йил байрами арафасида мазкур тузилмада фаолият юритиб, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган сафдошларининг фарзандларини йўқлаб борди.

Соҳа мутасаддилари марҳум кичик сержант М.Худойбердиев ҳамда сафдор Ю.Зайниддиновларнинг хонадонларига бориб, оила аъзолари ҳолидан хабар олди. Уларни янги йил билан қутлаб, фарзандларига байрам совғалари тортиқ этди.

Шунингдек, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасига қарашли вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида янги йил ўзига хос тарзда нишонланди.
Бу ердаги болалар ички ишлар бошқармаси масъуллари томонидан қутланиб, уларга ҳам янги йил совғалари улашилди.

Тадбир давомида болажонлар байрамона безатилган арча атрофида шеърлар ўқиб, рақсга тушдилар. Қорбобо ва Қорқиз эса болаларни совғалар билан сийлади. Эзгу тилаклар билдирилди. Байрамона дастурхон безатилиб, миллий таомлар тортилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари