Таниқли шоир Туроб Ниёз шеърлари хусусида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, таниқли адабиётшунос олим Сайди Умиров шундай деб ёзганди: – Туроб Ниёз шеърларида Ватан, халқ, она, ёр, гул, боғ, муҳаббат каби сўзлар кўп учрайди. Бу – табиий, ҳам мантиқий. Шоир нима ҳақида ёзмасин, бари ёзганлари бевосита, билвосита катта муҳаббатга бориб тақалади. Ашъорларининг энг кўпи, сараси ватан, она, ёр ҳақида. Бу уч муқаддас мавзу ҳар бир шоир сингари Туробжонни ҳам синовдан ўтказади, имтиҳон қилади, ўз баҳосини қўяди...
Туроб Ниёз асарларидаги оҳори тўкилмаган ташбеҳлар, бетакрор тимсоллар унинг шеърлари бадиийлиги ҳамда образлилигини таъминлаган омиллар эканлигига ишонч ҳосил қиласиз. Унинг ўзига хос услуби борлиги шубҳасиз. Шоирнинг кейинги вақтларда яратган шеърларини мутолаа қилганлар ўқувчи эсида қоладиган фикрлар, унинг маънавий оламини бойитадиган, унга завқ бағишлайдиган сатрлар кам эмаслигига амин бўлишади.

Яқинда Туроб Ниёзнинг яна бир янги китоби нашрдан чиқди. Лекин бу китоб катталар учун эмас, болажонларга бағишланган. Китобни вараклар экансиз, ундаги 30 га яқин шеърлар болаларнинг ички дунёсини, ҳаётга бўлган ўзига хос қараш ва тушунчаларини акс этттиради десам асло янглишмаган бўламан.
Биласиз, биз узоқ йиллар мустамлакачилик гирдобида яшадик. Мана 34 йилдан буён эса мустақиллик бағрида ҳур, озод яшамоқдамиз. Бу мустақилликнинг шарофати, мазмун-моҳияти, унинг учун курашганлар ҳақида ёшларимизга, қолаверса болажонларга қанча кўп гапирсак,
сўзлаб берсак шунча яхши бўлади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, мазкур китобга кирган “Мустақиллик нима?” шеъри ибратлидир. Шоир ёзади:
Мустақиллик – эмин-эркин,
Қул бўлмасдан яшашдир.
Туғилган она юртни
Ғанимлардан асрашдир.
Мустақиллик – пахта, пилланг,
Ўзингники дегани.
Бор бойлигинг – кумуш, тилланг
Ўзингники дегани...
Дарҳақиқат, мустақилликнинг юртимиз ҳаётида тутган ўрни, аҳамияти беқиёсдир. Ушбу тўпламда “ Отажонимсиз” номли шеър ҳам бор. Бу шеърда шоир отанинг меҳрибонлиги, фидоийлиги, боласидан ҳеч нимани аямаслиги, унинг қувончу ғамига доимо шерик эканлигини
ёрқин сатрларда кўрсатиб берган:
Онамдай бошимни силаган,
Ҳар доим бахтимни тилаган,
Болам деб шамолдай тинмаган,
Мард, фидойи отажонимсиз.
Суядирсиз худди ўзим деб,
Келажагим, кўрар кўзим деб,
Мендан кейин қолар изим деб,
Меҳри дарё отажонимсиз...
Мазкур шеърни Ўзбекистон халқ артисти Севара Назархон маромига етказиб куйлаган. Шунданми, бу шеър мухлислар орасида анча машҳур бўлиб кетди.
Тўпламдаги яна бир шеърда эса бир боланинг қилмиши танқид остига олинади.
Ўзидан 5-6 ёш кичик бўлган Вали Алига чўп бериб, уни ариларнинг уясини ковлашга ундайди. Али эса жуда ёш бўлганидан нима қилаётганини яхши англаб етмайди. Оқибатда у ариларнинг қарши ҳужумига рўпара келади:
Талай кетди Алини
Юзинг-кўзинг демасдан.
Вали кўриб бу ҳолни
Куларди уялмасдан.
Бор гап шу. Лекин шоир ёмонликнинг қандай хунук оқибатларга олиб келишини кўрсатиб беришни истаган. Шу билан бирга болаларнинг доим зийрак, ҳушёр бўлишларини, алдоқчи, фирибгарларнинг гапига лаққа тушиб кетавермасликларини айтмоқчи бўлади.
Бундан ташқари, китобдан кўплаб монолог-тўртликлар ҳам жой олганки, улар болаларнинг коинот, борлиқ ва ҳайвонат оламини яхши билишларида, табиат унсурлари ҳамда жонзодларнинг феъл-атворларида ҳам худди одамларникига ўхшаш жиҳатлар борлигидан воқиф бўлишларида қўл келади. Мана уларнинг айримлари:
Қуёш:
Кўк султони қуёшман,
Зиёдирман, оташман.
Баробарман ҳаммага,
Меники деб талашманг.
Ой:
Ерга яқин ойдирман,
Шуълага хўб бойдирман.
Мендан асло чўчиманг:
Пайкони йўқ ёйдирман.
Серка:
Йўл бошловчи серкаман,
Бироз тантиқ, эркаман.
Чўпондан эмас, унинг
Таёғидан қўрқаман.
Мазкур монологларда шоирнинг ўзига хос юмори билинар-билинмас тарзда бўй кўрсатиб туради.
Китобдан ўрин олган “Болалик ёзи”, “Баҳорда”, “Бувимнинг шикояти”, ”Манзара”, “Китоб” “Ойимнинг қувончи”, “Боғча опамиз”, “Беш ва икки”, Ферузанинг аҳди”, “Қувноқ қиз” шеърларида эса юртимиз табиатининг гўзалликлари, болалик хотиралари, китоб ва билимнинг фойдаси, болажонларнинг орзу-ўйлари ўзига хос йўсинда ифода этилади.
Китобдаги бир туркумда эса сабзавотлар кўриниши, ишлатилиши жиҳатларидан келиб чиқиб, ўзлари ҳақида сўз юритишади.
Сабзи:
Гўшт, гуруч, пиёз каби,
Ошга жуда керакман.
Ўрмонда қуёнларга
Орзуман, эртакдирман.
Қалампир:
Аччиқликда тенгим йўқ,
Шунда ҳам ейишади.
Аччиқ сўзли одамни
Қалампир дейишади.
Бугунги кунда ўзбек шоирлари ичида топишмоқ ёзадиганлар унчалик кўп эмас. Улар орасида Туроб Ниёзнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Шоирнинг янги тўпламидан оз эмас, кўп эмас, нақ 255 та топишмоқ жой олган. Мазкур топишмоқлар шеърий тарзда, бешлик шаклида ёзилган. Улар мазмун-моҳиятига қараб, бўлимларга ажратилган.
Топишмоқлар унчалик мураккаб эмас, болажонлар уларни топишга унчалик қийналишмайди. Чунки топишмоқларнинг ўта даражада қийинлиги уларни ўқишдан бездириб қўйиши мумкин. Шу ўринда улардан айрим мисоллар келтирсам:
Шаҳарларда бордир албатта,
Ёз фаслида – энг иссиқ пайтда,
Отилади ердан шиддат-ла,
Енгаман деб қуёш овора,
Бу – фаввора.
***
Ер, сув ёки ҳавода,
Кезмоқ бўлсанг мабода,
Ўзин тўшаб пойинга,
Ёрдам учун чўзар қўл,
Бу – йўл.
Албатта мазкур тўплам, унинг ибратли жиҳатлари ҳақида яна анча гапириш мумкин. Яхшиси, уни ўқиб чиққан маъқул. Ахир айтишади-ку, кўп эшитгандан бир кўрган яхши деб.
Жовли Хушбоқ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
аъзоси, адабиётшунос