Болалар кардиохирургияси иш бошлади
Сифатли тиббий хизматни амалга ошириш, юқори технологик операцияларни вилоят касалхоналарида йўлга қўйиш ва ривожлантириш бугунги тиббиётнинг долзарб йўналиши ҳисобланади.
Бухоро вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази сунъий қон айланиш аппарати билан таъминланди. Марказда кардиохирургия бўлими очилди ва иккита туғма юрак нуқсони бор болаларда жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилди.

– Вилоятда 1500 дан ортиқ болалар туғма юрак нуқсони билан назоратда туради, – дейди марказ раҳбари Қ.Каримов. – Шулардан 700 таси оператив даволанишга муҳтож. Жорий йилда 96 та бола Республика марказларида оператив даволанган. Эндиликда туғма юрак нуқсони бор, операцияга муҳтож болалар вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида операция қилинади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.