Болалар ҳаётимиз давомчилари, келажагимиз ворисларидир. Эртамиз эгаларини асраб-авайлаш, ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш ҳар бир давлат, ҳар бир оила, ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчидир.
1 июнь – Халқаро болалар куни муносабати билан Наманган вилояти Янги Наманган туманидаги ихтисослаштирилган мактабда ташкил этилган катта байрам тадбири болажонлар қалбини қувончга тўлдирди.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Аъзамжон Исоқов, Янги Наманган тумани ҳокимининг ўринбосари Бекзод Жўраев ва бошқалар кичкинтойларга эзгу тилакларини йўллаш асносида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, мактабгача таълим ташкилотларидаги ижобий ўзгаришлар жажжиларнинг ёруғ келажагини таъминлаш қаратилганлигини таъкидлади.

Тадбир доирасида тумандаги 21 та давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари ва уларнинг педагогик жамоалари томонидан ранг-баранг чиқишлар, саҳна кўринишлари, миллий ва замонавий рақслар, шеърлар ва қўшиқлар намойиш этилди. Шунингдек, болалар ижодига бағишланган кўргазмалар, ҳунармандчилик намуналари, расмлар ва қўл меҳнати бўйича тайёрланган ишланмалар тақдим қилинди.

Болаларнинг ҳар бир чиқиши мухлислар олқишига сазовор бўлди. Бундай хайрли тадбирлар орқали фарзандларимизнинг дунёқараши, истеъдоди ва ижодий салоҳияти янада намоён бўлади.


Тадбир якунида болажонлар туман касаба уюшмаси томонидан эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири