Бола қалби билан ҳазиллашманг, сиз...
Ёки бир болани талашаётган икки она. Улардан қай бири ҳақиқий она?
Ёки бир болани талашаётган икки она. Улардан қай бири ҳақиқий она?
Икки аёл бир нарсани талашиб, бир-бирини ҳақоратлашдан тап тортмасди. Бу манзара овозсиз видео бўлганида улар қандайдир қимматбаҳо бир матоҳ устида урушаётгандек таассурот қолдирарди. Аммо гап олти ёшли бола ҳақида кетаётган эди.
Бола билан, унинг қалби билан, у нимани хоҳлаши билан ким ҳисоблашади?
Бу ҳақли саволга жавоб беришга улар ожиз эди. Чунки айримларда болага буюмдек муносабатда бўлиш оддий бир ҳол.
Мавзуга қайтсак. Урушаётган икки аёл юртимизнинг турли вилоятларида яшайди. Аммо уларнинг тақдирини Россия “бирлаштирган”.
Гап шундаки, Гулсара (қаҳрамонларимизни шартли исмлар билан атаймиз) Москва шаҳрига ишлаш учун бориб Мардон билан танишиб қолади. Йигит ва қиз ҳали тўйлари бўлмай туриб, ўзаро яқин одамларга айланади. Шу тариқа улар ўғил фарзанд кўришади. Бола уч ойлик бўлганда эса Гулсаранинг онаси келиб, уни юртига олиб кетади. Қиз онасининг қистови билан уч ойлик чақалоғини отасига қолдириб кетишга мажбур бўлади. Она ҳам ҳали эмизикли бўлган набирасининг ҳоли не кечиши билан иши бўлмайди. Чунки унинг учун қизининг шаъни муҳимроқ эди. Ахир отаси, ҳамқишлоқлари бу ишлардан бехабар эдида.
Чақалоққа қандай қарашни билмаган Мардон эса мигрантларнинг болаларига ҳақ эвазига қараб турадиган Раҳима исмли аёлникига олиб боради. Табиийки, аёл болани қабул қилиб, унга қарай бошлайди. Орадан шу тариқа ойлар, йиллар ўтади. Бироқ, болани на унинг отаси, на онаси йўқлаб келмайди. Аввалига аёл боланинг отасига қўнғироқ қилиб, болани қачон олиб кетасиз, деб сўраб туради. Натижа бўлмагач, Раҳима тақдирга тан бериб, болага нафақат қарайди, балки унга меҳр ҳам қўяди. Қўлида тетапоя бўлган болакай ҳам уни онам, деб билди.
Тўғри, чақалоққа қарашнинг ўзи бўлмайди. Бировнинг боласини оқ ювиб, оқ тараган Раҳима бир қарашда асл Она тимсоли. Ахир ўз туққан боласини ахлатга ташлаб кетаётганлар, ўлдириб юбораётганлар бор бўлган замонда Раҳиманинг иши катта қаҳрамонлик.
Раҳима ёмон аёл бўлганида эгасиз боладан қутилиш учун уни ташлаб кетиши ёки пуллаб юбориши ҳам мумкин эди. Аммо у бундай қилмади, аксинча болага ўз боласидек қараб, уни катта қилди. Бир амаллаб ҳужжат тайёрлаб, уни ўз уйига олиб келди. Аввал бир ўғил, бир қизи бўлган оилага учинчи фарзанд қўшилди.
Раҳима бола эсини таний бошлаганда унга ота-онаси борлиги, улар уни қидириб келишлари ҳақида айтишни негадир истамади. Шу ерда у ҳам худбинлик қилди. Шунча қараб, катта қилган болакайни ўзига қарашли буюмдек унга нафақат боғланди, уни ҳатто бошқалардан қизғанди. Бунга унинг маънан ҳаққи бўлса ҳам, қонунан ҳаққи йўқ эди.
Халқимизда туққан эмас, боққан она, деган гап бўлса-да, қонун болага ўз ота-онаси ҳақли эканини айтади. Шуни ҳисобга олиб қуйи судларда болани қидириб топган, унга эгалик қилиш учун курашаётган Гулсара фойдасига қарор чиқарилган.
Бироқ, қонунчиликда бола манфаати устунлиги ҳам кафолатлаб қўйилган.
Иш юқори судда назорат тартибида кўриб чиқилганда эса ана шу жиҳатларга эътибор қаратилди.
Суддан олдин боланинг руҳий олами билан яқиндан танишиш мақсадида психологик экспертиза тайинланган. Психологлар ўтказган суҳбат видеоси билан танишиб, бола яхши шароитда улғаяётгани, оиласидагилар билан, айниқса, онаси Раҳимага қаттиқ боғланиб қолганини кўриш мумкин.
Буларни кузата туриб, бола Раҳиманики, Раҳима ҳақ, дегинг келади.
Аммо болани дунёга келтирган иккинчи тараф – Гулсара болани бағрига боса олмай хуноб. Кўз ёшлари дарё бўлиб, боламни беринглар, деб дод солади.
Тақдирида юз берган “ўйин”лар сабаб бу аёл шу кўйга тушган. Унинг ўзида ҳам айб бор, албатта. Лекин унинг қўлидан тутган йигит мард кетиб унга вақтида уйланганида, фарзандига оталик қилганида она ўз туққан боласидан айро тушмасди...
Аммо бу аёл шу ерда аввал хато қилгани етмагандай, яна хато йўлни танлаб, умрида кўрмаган, уни мутлақо танимаган болакайни меники, деб уни бир буюмдек талашаётган эди.
Юқорида Раҳима болага қарамай, бошқа йўл тутиши ҳам мумкин эди, деб айтиб ўтдик. Шундай бўлганида, бугун бу бола орамизда бўлмасди, ахир. Шукрки, бугун бола бор ва у жуда бахтли! Чинакам она учун шунинг ўзи ҳам катта бахт эмасми?
Аслида Гулсара Раҳимага қанча раҳмат айтса, унинг олдида қанча таъзим қилса ҳам кам. Аммо, афсус, унинг хатти-ҳаракатларида, сўзларида бу ҳол кузатилмади.
Аслида Гулсара судга эмас, Раҳимага мурожаат қилиши, унинг қалбига йўл топиши, қолаверса бола қалбига йўл топишга уриниши керак эди.
Ахир ўзаро яқинлик ришталарини қонун билан ёки суд билан боғлаб ёки улаб бўлмайди!
Боланинг манфаатидан келиб чиқиб суд болани Раҳимада қолдирди. Гулсара мени боламдан айирдинглар, деб кўз ёш тўкканича қолди. Аммо унда ҳали имкон бор. Ҳақиқатдан у она бўлса, бола қалбига йўл топади.
Бироқ, сиздан илтимос, бола қалби билан ҳазиллашманг. Бу қалб вайрон бўлса, уни тиклаб бўлмайди. Агар шундай бўлса, бу бола ҳеч кимники бўлмаслиги ҳам мумкин.