Боксчининг ўлими кимга керак бўлди?
Сальвадорлик боксчи Алексис Навидад ўзига нисбатан уюштирилган қуролли ҳужум оқибатида ҳалок бўлди.
Сальвадорлик боксчи Алексис Навидад ўзига нисбатан уюштирилган қуролли ҳужум оқибатида ҳалок бўлди.
Фожиа бир неча кун олдин мамлакат пойтахти Сан-Сальвадор шаҳрида бўлиб ўтган. Полиция тақдим этган маълумотларга кўра, жиноий гуруҳнинг икки нафар аъзоси томонидан кўчада ўт очилиши натижасида Навидад ва яна икки киши яраланган. Қайд этилишича, 22 ёшли чарм қўлқоп устаси шифохонага етмасдан жон берган. Видео кузатув камераларигу муҳрланган тасвирлар орқали шубҳа остига олинганлар ушланган.
Сальвадор Миллий спорт институти раҳбари Ямиль Букеле Навидад ҳеч қандай криминал тузилмалар билан алоқадор бўлмаганлиги ҳақида баёнот берди. “У спортчи эди, фақат ўзи севган машғулот – боксга меҳр қўйганди“, — деди Букеле.
Навидад профессионал рингда биргина жанг ўтказишга улгурганди. У 2017 йил ўз ватандоши Антонио Галеано устидан ғалаба қозонган. Маҳаллий ва минтақавий ОАВ Навидадни Марказий Американинг келажаги порлоқ боксчиларидан бири сифатида эътироф эта бошлаганди.