Боксчиларимизнинг зафарли одимлари
Жорий йилнинг 19-24 апрель кунлари Санкт-Петербург шаҳрида бокс бўйича ўтган «Губернатор кубоги» мусобақасида 4 та олтин, 1 тадан кумуш ҳамда бронза медалини қўлга киритган боксчиларимиз Тошкентга қайтиб келди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида музаффар спортчиларимизни давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар, олимпиадачиларнинг ота-оналари, журналистлар тантанали кутиб олди.
Санкт-Петербург шаҳрида ўтган мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган Нодиржон Мирзаҳмедов, Шаҳобиддин Зоиров, Миразизбек Мирзахалилов ва Баҳодир Жалолов барча рақибларини енгиб, ўз вазн тоифаларида олтин медални қўлга киритди. Шунингдек, умидли боксчимиз финалга қадар муваффақиятли иштирок этган Абдумалик Халаков кумуш, Бобоусмон Батуров эса бронза медали билан тақдирланди.
Кескин ва муросасиз беллашувларда зафар қучган чарм қўлқоп усталаримизнинг мардлиги, жасорати, шижоату матонати дунё аҳлини лол қолдирди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, уларнинг бундай юксак муваффақияти мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун яратилаётган кенг имкониятлар туфайлидир.
– Бокс бўйича сўнгги йилларда ўтаётган мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритиб, Ватанимизга ёруғ юз билан қайтиб келаётганимиздан бахтиёрмиз, – дейди бокс бўйича жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов. – Спортни ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишимиз, халқаро майдонларда юксак ғалабаларга эришишимизга қаратаётган доимий эътибор ва ғамхўрлиги учун Президентимиздан беҳад миннатдормиз. Насиб қилса, «Токио-2020» Олимпиадасида ҳам ёрқин ғалабаларни қўлга киритамиз.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА