Бокс: ишончли ҳаракат ғалабани таъминлайди
Хабар берганимиздек, Россия пойтахти Москва шаҳрида ҳарбий боксчилар ўртасидаги 58-жаҳон чемпионати давом этмоқда.
20 сентябрь куни нуфузли мусобақанинг иккинчи кун жанглари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон терма жамоасининг 7 нафар аъзоси иштирок этган баҳсларда вакилларимизнинг 4 нафари ғалабага эришди. 3 нафар боксчимиз эса рақибларига йўл берди.
Терма жамоамиз аъзоларидан Ситора Турдибекова (57) ва Фозилжон Абдумуродов(52) россиялик спортчиларга, Нурислом Исмоилов (75) эса франциялик рақибига ютқазиб қўйди. Москва рингларида ишончли ҳаракат қилган Райҳона Қодирова(60), Шунқор Абдурасулов(60), Мужибулло Турсунов(64) рақибларини мағлуб этли.
Шунингдек, 49 килограмм вазнда чемпионлик учун курашаётган Абдумажид Маннопов венесуэлалик боксчи рингга чиқмаганлиги сабабли тўғридан- тўғри кейинги босқичга йўл олди.
Шу ўринда айтиш лозимки, Мужбилло Турсунов ва Райхона Қодирова иккинчи жангида ғалаба қозонган бўлса, Шунқор ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидаги илк жангини ўтказди.
36 та мамлакатнинг 231 нафар ҳарбий боксчиси қатнашаётган жаҳон чемпионатида умумий ҳисобда 261 та жанг ўтказилади. Чемпионат 25 сентябрга қадар давом этади.
Чемпионат дастурига биноан 23 сентябрга қадар барча вазнларда саралаш жанглари ўтказилса, 24 сентябрь куни ярим финал ва 25 сентябрда эса финал учрашувлар ҳамда ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими ташкил этилади
Т. Рўзиев, ЎзА