Бўкада сел олиб кетган хонадонлар тикланди
Тошкент вилояти Бўка тумани марказидаги бино ва иншоотлар, аҳоли яшаш хонадонлари жорий йил 21 июнь куни кечаси содир бўлган кучли ёғингарчилик туфайли юзага келган табиий офат (сув тошқини) натижасида жиддий зарар кўрган эди.
Хусусан, ҳудуддаги “Тошлоқ” маҳалласининг Истиқбол кўчаси ҳамда “Ўзбек” маҳалласининг Увайсий кўчаларида жойлашган 19 та хонадонга катта талафот етган. Шундан сўнг уларни тиклаш мақсадида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Дастлабки кунларданоқ бу саъй-ҳаракатларга вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг фармойиши билан 1,5 миллиард сўм, кейинчалик эса босқичма-босқич жами 5 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилди. Бунинг эвазига “Истиқлол” ва “Истиқлол-2” кўчаларига 1,1 километр узунликдаги цемент-бетон қопламали йўл ва 700 метр узунликдаги пиёдалар йўлакчаси қурилди. Шунингдек, ушбу ҳудудни ободонлаштириш мақсадида мингдан ортиқ мевали ва манзарали дарахтлар экилди. Табиий офат натижасида зарар етган хонадонларни қайта қуриш ва таъмирлаш учун бир қатор ҳомийлар ташаббус кўрсатди. Жумладан, “Олмалиқ кон металлургия комбинати” АЖ томонидан 450 тонна цемент ҳамда турли тадбиркорлар ва ташкилотлар томонидан қурилиш материаллари етказиб берилди.
Мазкур хонадонларни ўз эгаларига топшириш маросими ўзига хос таассуротларга бой бўлди. Унда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари ҳамда ҳудуд фаоллари қатнашиб бу ерда амалга оширилган ишлар билан танишди. Бўкалик аҳоли билан суҳбатда Янги йил байрами олдидан бу каби хайрли ишлар барчага катта совға бўлгани айтиб ўтилди. Болажонларга байрам совғалари тарқатилди. Шунингдек, шу куни туманнинг "Янгибоғ" маҳалласида қурилган имтиёзли кредитлар асосидаги арзон уй-жойлар ўз эгаларига топширилди.


А.Мусаев, ЎзА.