Ўзбекистонда 3 миллион нафарга яқин 3−7 ёшли бола бор. Уларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 74 фоизни ташкил қилади. Мамлакатда бу кўрсаткични 2026 йилгача 80 фоизга, 2030 йилга бориб, 100 фоизга етказиш режа қилинган.
Мактабгача таълим муассасаларида болаларни ривожлантириш ва мактабга тайёрлаш жараёни болаларни жисмонан ривожлантириш, уларнинг нутқи ва тафаккурини ривожлантириш ҳамда маънан ривожлантириш каби уч босқичда амалга оширилади.
Маълумки, белгиланган тартибга кўра, мактабгача таълим ташкилотига борадиган болалар учун уларнинг ота-оналари томонидан бадал тўлови амалга оширилади.
Хўш, бир оиладан икки ва ундан ортиқ фарзанд боғчага борса, боғча тўловлари учун имтиёз бериладими?
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 апрелдаги “Давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдорларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида 2025 йил 1 январдан бошлаб давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўловининг янги миқдорлари белгиланган. Давлат мактабгача ташкилотига бир оиладан борадиган бир нафар бола учун алоҳида, икки ва ундан ортиқ болалар учун алоҳида ота-оналар тўлови белгиланган.
Бу тартибни пойтахтимиз мисолида оладиган бўлсак, маълум бир оиладан давлат мактабгача ташкилотининг 9 соатлик гуруҳига борадиган бир нафар бола учун 272 минг сўм, ўша оиладан айнан шу давлат мактабгача ташкилотининг 9 соатлик гуруҳига борадиган икки ва ундан ортиқ болаларнинг ҳар бир учун 194 минг сўм тўланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА