Улуғ бобокалонимиз, шоҳ ва шоир, олим, жаҳонгир ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсиятига хос ватанпарварлик, олий ҳимматлилик, мардлик ва жасурлик, қатъият ва азму шижоат, бошқарувда беназирлик, одамларга яхшилик соғиниш, адолатпешалик бугун ҳам ёш авлод учун ибратдир.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллигига бағишланган адабий анжуманда шулар ҳақида батафсил сўз юритилди.

Унда талабалар, ҳарбий соҳада фаолият юритаётган, таҳсил олаётган ёшлар, маънавият тарғиботчилари, ўқитувчилар, ижодкор зиёлилар иштирок этди.
Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университетининг профессори, адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Нурбой Жабборов, Тошкент амалий фанлар университети катта ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, маънавият тарғиботчиси Зиёда Ғаффорова, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира, модератор Гулчеҳра Шаҳобиддин ва бошқалар Заҳириддин Муҳаммад Бобур шеъриятининг ўзига хос жиҳатлари хусусида батафсил сўзлади.

Адабий анжуманда олимларнинг Бобурнинг суронли ҳаёт йўли, ҳинд тупроғида амалга оширган буюк ишлари, қолаверса, ҳарбий юришлари, саркардалик маҳорати, беназир ижодининг гўзал бадиияти, асарларининг тарбиявий аҳамияти ҳақида маърузалари тингланди.

Тадбир давомида ҳарбий хизматчилар ва талабалар томонидан Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ғазал ва рубоийлари ижро этилди.
Мазкур адабий анжуман ёшларда аждодлар хотирасига ҳурмат, улар қолдирган меросни чуқур ўрганиш, она-Ватанни кўз қорачиғидек асраб-авайлашдек эзгу мақсадларни кўзлаши билан аҳамиятли бўлди.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири