Тарих
Абу Музаффар Муҳаммад Аврангзеб Оламгир ибн Шоҳжаҳон. Салтанат, тож-тахт учун икки акасининг қонига зомин бўлиб, отасининг қарғишига учраган шоҳ. Иблиснинг макрига алданиб, ҳаёт саҳифаларини зулм ва маъсият доғлари билан тўлдирган Аврангзеб...
Бобур Мирзо ва Бобурийлар тарихи, ушбу сулола вакиллари ҳақида китобларда, даврий нашрларда кўп ўқиганмиз, фильмлар томоша қилганмиз. Айниқса, буюк аждодларимиз томонидан Ҳиндистоннинг Агра шаҳрида бунёд этилган, дунёнинг саккизинчи мўъжизаси дея ном олган Тож Маҳал қасрининг маҳобати, улуғворлиги ва гўзаллигидан қалбимиз чексиз ғурур ва ифтихорга тўлади. Бу обидани бунёд этишда Ватанимиздан борган усталар ҳам иштирок этган. У асрлар мобайнида севги ва вафо қасри сифатида етти иқлимдан келган сайёҳларни ўзига мафтун этиб келади.
Маълумки, Тож Маҳал Бобурийзода ҳукмдор, Акбаршоҳнинг невараси, Жаҳонгиршоҳнинг ўғли Шоҳжаҳон ташаббуси билан севикли аёли Аржумандбону (Мумтоз Маҳал бегим) васиятига биноан 1632-1650 йиллар давомида бунёд этилган. Айтишларича, бу меъморий обидани бунёд этиш учун йигирма йилга яқин вақт керак бўлган, унинг қурилишида Шарқ ва Ғарбнинг турли ўлкаларидан келган 20 минг нафардан ортиқ қурувчилар, меъморлар ва қуллар иштирок этган.
Шоҳжаҳон етук саркарда, қатъиятли ва қаттиққўл давлат раҳбари сифатидагина эмас, ўз севгисига садоқатли ва вафодор инсон сифатида ҳам тарих саҳифаларига муҳрланиб қолган.
Тарихий манбаларда қайд этилишича, Аржумандбону Шоҳжаҳоннинг асли эронийлардан бўлган тоғаси Осафхоннинг қизи бўлиб, беназир ақлу заковати, ҳусну малоҳати билан довруғ қозонган. У эри Шоҳжаҳондан ўн тўрт фарзанд кўрган, улардан олти нафари болалигидаёқ нобуд бўлган. Аржумандбону кенжа фарзандини дунёга келтираётиб, 1631 йилда 38 ёшида фоний дунёни тарк этади. Ўлими олдидан эрининг тиззасига бош қўйиб, фарзандларига меҳрибон бўлишни, бошқа аёлга уйланмасликни, ўзига атаб бетакрор обида қуришни васият қилган.
Шоҳжаҳон маликанинг барча васиятларини сўзсиз бажо келтирди. Бутун умр марҳума аёлига садоқат билан яшади. Унга атаб дунёда тенгсиз қасрни ҳам бунёд этди. Фарзандларидан ўз меҳрини дариғ тутмади. Аммо, фарзандлари отанинг бу муҳаббатига муносиб жавоб қайтара олмадилар. Айниқса, бемеҳр, шафқатсиз ва ноинсоф Аврангзебнинг нобакорлиги ҳаммасидан ошиб тушди.
Шоҳжаҳон катта ўғли Дорошукуҳни Аврангзебдан аъло кўрарди. Дорошукуҳ валиаҳд экани ҳаммага равшан эди. Отаси кексайиб, кўзидан нур, белидан қувват кетгач, Аврангзеб унга қарши бош кўтарди. Шоҳжаҳонни тахтдан ағдариб, ўзини шаҳаншоҳ дея эълон қилди.
Отасини Тож Маҳал рўпарасида, Жамна дарёсининг нариги қирғоғидаги Қизил қалъада хибсда сақлашни буюради. Шўрлик ота умрнинг сўнгги йилларини тутқунликда, азоб-уқубатлар ичида ўтказади. Аврангзеб отаси билан Қизил қалъада учрашиб ундан ўз ихтиёри билан тахтдан воз кечишни сўрайди. Шоҳжаҳон табиийки бунга рози бўлмайди. Чунки, унинг нияти Аврангзебга маълум эди.
Шу боис, у отасини тутқунликда асраб, акасини дин пешволари ҳукми билан динсизликда, майхўрлик ва зинокорликда айблаб, бошини танидан жудо қилдиради. Кейин акасининг бошини баркашга солиб отасининг ҳузурига юборади. Мулозимларнинг айтишича, ота суюкли ўғлининг бошини кўриши билан бир оҳ ургану, ҳушини йўқотган. Шундан сўнг муттасил йиғлайвериб, кўз нуридан ажралган.
Шоҳжаҳоннинг сўнгги кунларига қадар катта қизи Жаҳоноро бегим ёнидан жилмай, иссиқ-совуғидан доим хабардор бўлиб турган. Тутқун ҳукмдор Қизил қалъа қаршисида ўзи бино этган Тож Маҳалга термулган куйи омонатини топширган экан. Аврангзеб отасини шоҳона иззат-икром билан онаси Аржумандбонунинг ёнига дафн эттиради.
Бундан ташқари, Аврангзеб ҳукмронлиги пайтида золимлиги, шафқатсизлиги боис халқнинг норозилигига учраган. Бобурий аждодларидан фарқли ўлароқ, ўзини ислом динининг ҳомийси сифатида кўрсатиш мақсадида ғайридин ҳиндларга қарши қаттиқ зуғум ўтказгани, уларни аёвсиз талагани, қатл эттиргани ҳам тарихдан яхши маълум.
Бу ҳаётда ҳеч нарса изсиз кетмайди. 1681 йил январь ойида шоҳнинг севимли ўғли Султон Мухаммад Акбар Ражпутан вилоятида отасига қарши қўзғолон кўтаради. Аммо кўп ўтмай, исён шафқатсизлик билан бостирилади. Шаҳзоданинг ўзи қочиб жон сақлайди.
Шоҳ мамлакатни узоқ йиллар қатъият ва шафқатсизлик билан бошқаради.
У умрининг сўнгида фарзандларига битган мактубида шундай деганди: "Мен бу дунёга ёлғиз келувдим, ёлғиз кетяпман. Мен янгидан давлат тузмадим, раиятга қайишмадим. Ўтган кунлар таассуф ва пушаймондан бошқа нарса қолдирмади..."
Аврангзеб 1707 йил 3 март куни 88 ёшда оламдан ўтади...
Рустам ЖАББОРОВ. ЎзА