Бобур шеъриятида оҳангдорлик
14 февраль – Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун
Бобур тахаллуси билан ижод қилган Заҳириддин Муҳаммад ибн Умаршайх Мирзо тарихчи, географ, давлат арбоби бўлиш билан бирга, ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, буюк шоир сифатида дунёга танилди. У нақадар серташвиш ҳаёт кечиришига қарамай, ўз давригача мавжуд бўлган адабиёт, тарих, санъат ва Қуръон илмларидан яхши хабардор етук олим, йирик бадиий ва илмий асарлар ижодкори даражасига кўтарилди.
Адабиётшунослар томонидан Бобурнинг 119 ғазали, 209 рубоийси, 10 дан ортиқ туюқ ва қитъалари, 50 дан ортиқ муаммо ва 60 дан зиёд фардлари аниқланган. У 270 байтни ўз ичига олган 8 маснавийдан иборат девон тузган. Булар Бобурнинг баракали умр кўргани далилидир.
Бобур 18-19 ёшларида рубоий ва ғазаллар ёза бошлагани маълум. Бобур шеърияти тил ва услуб жиҳатидан содда ва равондир. Унинг мисралари шоирнинг вазн ва қофияларни қўллашдаги маҳорати туфайли жўшқинлик ва мусиқийлик касб этган.
Маълумки, мумтоз шеърият усталари қатори Бобур ҳам арузда ижод қилган. Аруз вазни ҳақида махсус рисола ёзган Бобур ўз лирик шеърларида бу вазннинг имкониятларидан кенг фойдаланиб, равон ва оҳангдор ғазаллар ёзганки, улар ҳозиргача халқ ва мақом куйлари орқали ҳофиз хонандалар томонидан завқ билан куйланиб келинмоқда. Бобур арузнинг ҳафиф, рубоий, ражаз, рамал, сареъ, тавил, мутақориб, мужтасс, музореъ, мунсареҳ ва ҳазаж баҳрларидан ҳамда бу баҳрларнинг йигирма беш турдаги ички хилларидан фойдаланган. Масалан:
Менинг кўнглумки гулнинг ғунчасидек таҳ-батаҳ қондур.
Агар юз минг баҳор ўлса очилмоғи не имкондур.
Ёки:
Чархнинг мен кўрмаган жавру жафоси қолдиму,
Хаста кўнглум чекмаган дарду балоси қолдиму.
Ритмик уюшганлик ва оҳангдорлик шеърнинг жаранги, мусиқийлигини кучайтиради ва уни эслаб қолиш имкониятини оширади. Ритмик жиҳатдан уюшган нутқда сўзларнинг оҳангдош бўлиб тизилиб келиши қофия саналади. Қофия шеър мазмунини эслаб қолишга ёрдамлашишдан ташқари, эстетик завқ ҳам бағишлайди.
Аҳбобки базмида гулистон хастур,
Йўқ лек алар базмида бизга дастур.
Ул жамъда гар ҳузури жамъият бор,
Юз шукр, бу жамъ беҳузур эмастур.
Мазкур рубоий мазмун жиҳатдан етук бўлиши билан бирга, унда шоирнинг шеърга жило бериш маҳорати ҳам кўринади, яъни “хастур”, “дастур” ва “эмастур” сўзлари орасида оҳангдошлик мавжуд. Бу оҳангдошлик асосида тажнис санъати ва унинг асосида қофия вужудга келган. Бундан ташқари шоир “з”, “с”, “т” товушли сўзларни (базм, биз, ҳузур, беҳузур, гулистон, хастур, дастур, эмастур) қўллашга эътибор қаратган, “жамъ”, “жамъият” ўзакдош сўзларнинг борлиги ҳам оҳангдорликни кучайтирган.
Мумтоз шеъриятда қофия бадииятнинг асосий қирраларидан бири саналиб келади. Бобур шеърларида қофия учун танланган сўзлар маънавий теранлиги, оҳангдорлиги, жило ва жозибаси билан ғоялар моҳиятини, тимсоллар қиёфасини очишга ёрдам берган.
Бобур ўз шеърларида қофиянинг турли хилларидан фойдаланган. Масалан, юқоридаги мисоллардан бирида “қондур” ва “имкондур” сўзлари ўзаро қофияланган. Бу қофия равий “н” билан тугаб қолмайди, балки ундан кейин ҳам давом этади, шунинг учун мутлақ қофия саналади.
Қофиянинг навбатдаги тури – муқайяд қофияга мисол:
Жисмимда иситма кунда маҳкам бўладур,
Кўздин ўчадур уйқу чу охшам бўладур.
Ҳар иккаласи ғамим била сабримдек,
Борғон сайи бу ортадур, у кам бўладур.
Бу рубоийда “маҳкам”, “охшам” ва “кам” сўзларида қофия равий билан тугагани учун муқайяд қофия ҳисобланади.
Бобур шеърларининг вазн ва қофия билан боғлик оҳангдорлиги фикрни равон ифодалаш, ўқувчи ва тингловчига эмоционал завқ бериб, дидини ўстиришга хизмат қилишдек эстетик вазифани бажариш билан бирга, Бобурнинг шеъриятдаги етуклигини таъминловчи омиллардан бири ҳисобланади.
Салима РУСТАМИЙ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
ўзбек тили ва мумтоз шарқ адабиёти
кафедраси доценти