Бобур Мирзо ош еган қўш қаватли лаган ҳақида эшитганмисиз?
Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1494 йили 12 ёшлигида отаси, Фарғона улусининг ҳокими Умаршайх Мирзо бахтсиз ҳодиса сабаб вафот этгач, унинг ўрнига тахтга ўтиради. У ҳукмдор бўлган дастлабки йилларда Темурий шаҳзодалар ўртасида тожу тахт учун аёвсиз кураш авж олади.
Ёш Заҳириддин Андижон тахти учун амакиси Султон Аҳмад Мирзо ҳамда укаси Жаҳонгир Мирзо билан курашишига тўғри келади. Бобур укаси билан муросага келишга ҳаракат қилиб, унга Фарғона улусининг ярмини топширади. Ўзи эса Самарқанд учун бўлаётган курашларга киришади.
–Ана шу вақтда у Хўжанд, Ўратепа, Эски Ховоснинг ҳозирги Карвонсарой ҳудудларида бир неча кунлар бўлиб, шу ҳудудда истиқомат қилган аҳоли хонадонларида меҳмон бўлади. Бу тўғрида эса, ҳали- ҳануз халқ орасида турли гап-сўзлар юради,–дейди тарихчи олим, археолог Солижон Қудратов.–Чунки, Эски Ховостепа Ипак йўли чорраҳасидаги Фарғона ва Самарқандни боғлайдиган муҳим манзиллардан бири ҳисобланган. Ховос туманининг Карвонсарой маҳалласида истиқомат қилаётган Дониёр Асадов хонадонида сақланаётган, Мирзо Бобур ош еган, қўш қаватли лаган тарихи ҳам ана шу даврларга бориб тақалади.
Гап шундаки, лаган ёнғоқ дарахтидан қўш қават қилиб ишланган. Унга сузилган ош эса узоқ вақт ўз тафтини йўқотмайди, яъни совиб қолмайди. Қолаверса, ош егунча қўлдан тушган гуруч доналари дастурхонга тушиб, увол бўлмайди.
Бир замонлар лаган ичига ўймакорлар томонидан ўйиб ёзилган эски ўзбек ёзувидаги сўзлар йиллар давомида лаганга ош сузилгани туфайли ўқиб бўлмайдиган ҳолга келиб қолган. Буни ушбу лаганда ош еган, уни кўрган киши бирдан англайди.
Лаган тарихи тўғрисида тўхталадиган бўлсак, у ҳақиқатдан ҳам қадимий. Унинг бу хонадонга келиб қолишининг ўз тарихи бор. Дониёр Асадовнинг падари бузруквори, раҳматли Нарзулла Асадов салкам 96 йил умр кўрган, ўзбек ва тожик тилларида кўплаб гўзал ғазаллар ёзган, ижодга ошуфта киши бўлган. 1950 йилларда Тожикистон Республикасининг Ўратепа педагогика билим юртини битиргач, уни йўлланма асосида Тожикистон Республикасининг Ғарм туманига ишга жўнатишади. У ерда ўзига ҳамкасб бўлган ўқитувчи билан бирга шу ерлик эшон Ҳабибулахон хонадонида истиқомат қилиб, эшон бобо аждодларидан авлодларга ўтиб келаётган, Бобур Мирзо бир замонлар ош еган, аммо шу вақтгача қадр-қимматини йўқотмаган лаганга ошуфта бўлиб қолади. Шундан сўнг хонадон соҳибидан "Шу лаганга ишқим тушиб қолди, неки сўрасангиз бераман, аммо менга лаганни берсангиз" дея илтимос қилади. Эшон бобо бироз тин олиб, сўнг айтади: "Сизнинг шу лаганга ишқингиз тушганлигини илк маротаба уйга келганингизда, унга сузилган ошни еганингизда билганман ва англаганман"дейди-ю, боболаридан мерос бўлиб келаётган ва фақатгина табаррук кишиларгагина тўй, байрамлар муносабати билан ош сузиладиган қўш қаватли лаганни унга тортиқ этади.
–Нарзулла Асадов эшон бобога бош-оёқ сарпо бериб, мазкур лаганни ўзи яшаётган хонадон– Ховос туманининг Карвонсарой маҳалласига олиб келади,–дейди Сирдарё вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи директори Зокиржон Холдоров.–Биз ушбу қўш қаватли лаганни музей экспонати сифатида музейга қўйиш, реставрация қилинадиган жойини реставрация қилиш, турли кўргазмаларда намойиш этиш таклифини ҳам бердик. Чунки лаган аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган мерос сифатида халқ мулкидир. Аммо қўш қаватли лаганнинг бугунги соҳиблари бунга рози бўлишмади.
–Биз истиқомат қилаётган жойлар кўп қадимий ҳисобланади. Чунки ёнгинамизда ҳали- ҳануз археологлар томонидан тадқиқот ишлари олиб борилаётгани, қарийб 2500 йиллик тарихга эга Кўҳна Ховос ёдгорликлари, табаррук масканлар бор,–дейди буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳамда шоир ва машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудлари муносабати билан Янгиер шаҳридаги Наврўзобод маҳалласида истиқомат қилаётган Абдуқул Маматов хонадонида ўтказилган навоийхонлик ва бобурхонлик кечасида иштирок этган "Шарқ юлдузи" журнали адабиётшунослик бўлими муҳаррири, ёзувчи ва шоир Муҳаммад Исмоил.–Бу ерларда нафақат Бобур Мирзо, 1367-1368 йилларда ўрта асрнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда, кучли, марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси ҳисобланган соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳам бўлган. У рақиби Амир Ҳусайннинг қўшини сон жиҳатидан кўп бўлишига қарамай, тор-мор этган. Бу тўғрида Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асарида ёзилган. Бундан ташқари, Бобур Мирзо, XV асрнинг иккинчи ярмида эса бу қадимий заминга машҳур шоир Абдураҳмон Жомий ва Хўжа Аҳрор Валий ҳам ташриф буюрган.
[gallery-21653]
Абдуқул Маматов хонадонида Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги, Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллиги муносабати билан ўтказилган навоийхонлик ва бобурхонлик кечасига Бобур Мирзо бир замонлар ош еган, эшон бобо хонадонидан тортиқ этилган ўша машҳур қўш қаватли лаган ҳам келтирилиб, унда ош ейиш бахтига мушарраф бўлдик.
Навоийхонлик ва бобурхонлик кечасини "Наврўзобод"лик Абдуқул Маматов ва Бону Маматова хонадонида эмас, бошқа жойда ўтказса бўлмайдими, деган савол туғилиши, шубҳасиз. Абдуқул Маматовнинг касби шофёр, Бону Маматованинг касби кутубхоначи, улар ижодга ошуфта кишилар бўлиб, Навоий ва Бобурнинг чинакам мухлислари. Улар хонадонида XVI аср, ҳатто XVII, XVIII асрга оид осори- атиқаларни, нодир буюмларни, тарихий қўлёзмаларни, ўзбек, тожик, форс, рус тилида ёзилган китобларни кўришингиз, уни мутолаа этишингиз мумкин. Шу боис, мазкур тадбир бошқа жойда эмас, улар хонадонида ўтказилди.
Яна бир эътиборли жиҳати, мазкур хонадон соҳиблари бундан беш йил муқаддам умра зиёратига атаб йиғиб қўйган пул маблағига давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш ташаббус доирасидаги ишларни ўз хонадонларида йўлга қўйиб, ёшларнинг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодини юзага чиқаришга ҳисса қўшиш мақсадида кутубхона ташкил этган.
–Китоб фондидаги 2500 дан ошиқ турли тил, турли номдаги нодир китоблар кишининг эътиборини тортмасдан қўймайди,– дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Янги Сирдарё" газетаси бўлим мудири Ҳасан Абдувоҳидов. – Уй музейи XVI, XVII, XVIII асрларга оид осори- атиқалар қаторида ўзбек ва жаҳон боксининг афсоналаридан бири, “Тошкент йўлбарси” номи билан донг таратган Руфат Рисқиев томонидан тақдим этилган бокс қўлқопи, шу ҳудудда бир замонлар бўлган, айни вақтда номигина қолган керамика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи заводда ишлаб чиқарилган, биринчи космонавт, Совет иттифоқи Қаҳрамони Юрий Гагарин дастхати туширилган керамика қувур, турли даврларга оид суратлар, ўлкамизнинг гўзал ва бетакрор табиати ифода этилган ранг тасвир асарлари билан бойитилди.
Абдуқул Маматовнинг турмуш ўртоғи Бону Маматова ўзбек ва тожик халқларининг юз- икки юз йиллик тарихига эга кашта, зардевор, сўзана каби ҳунармандчилик буюмларини жамлаб, нафақат хонадонидаги яшаш хоналарни, ҳовлисини кўҳна қадриятлардан сўзлагувчи музейга айлантирган.
–Бундан ташқари, беш ташаббус доирасида ҳунармандчилик, спорт тўгаракларини йўлга қуйганмиз,–дейди Бону Маматова.–Хонадонимизга ташриф буюрувчилар ким, қандай ёшда бўлмасин, ҳар бирига хонадонимизда тўпланган экспонатлар, 5 ташаббус ижроси доирасида ташкил этган ишлар, тўгараклар тўғрисида маълумот берамиз. Бу ишлардан нафақат мен, турмуш ўртоғим, фарзандларим хурсанд. Чунки улар “Музейи бор хонадон”да яшайди.
Бу ерда ўтказилган навоийхонлик ва бобурхонлик кечасида нафақат ўзбекистонлик, тожикистонлик ва ижодкорлар, маданият ходимлари иштирок этди. Тили икки хил бўлса-да, уларни бир мақсад бирлаштирди. Улар Навоий ва Бобур ижоди ва фаолияти тўғрисида сўз юритиб, унинг ғазалларидан ўқишган бўлса, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва адиб Муҳаммад Исмоил хонадон соҳиби ва соҳибасига таниқли шоир ва адибларнинг китобларини туҳфа этиб, уларнинг китоб фонди бойишига ҳисса қўшди.
–Зиё масканимизни кўришга келган киши борки, қўлида китоб совғаси бўлади,–дейди Бону опа Маматова. –Шу боис, китоб жавонларимизда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, ҳокимликлар, турли ташкилотлар ва юртимизнинг ўнлаб таниқли кишилари ҳамда ижодкорлари томонидан туҳфа қилинган китоблар бор. Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтирмоқчимиз. Бунинг учун ер керак эди, бу масала ҳам ҳал бўлди. Тез орада бу ерда ўзбекона меъморий услубдаги иморатларни қуриб, унга музейни ҳам жойлаштирамиз. Қуриладиган уйимиз деворида токчаю тахмонлар билан бирга хона саҳнида ҳақиқий сандал ҳам бўлади. Шунингдек, “Онахонлар мактаби”, “Нуронийлар боғи” ҳам ташкил қилиш режамиз бор.
Абдуқул ва Бону Маматоваларнинг маънавий-маърифий ҳаётдаги фаол иштироки ва олиб бораётган хайрли, эзгу ишлари давлатимиз эътиборидан четда қолгани йўқ. Ўтган йили Абдуқул Маматов “Сирдарё вилоятининг 60 йиллиги”, Бону Маматова эса “Мўътабар аёл”, “Маънавият фидойиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Уларнинг оиласи “Энг ибратли оила”, “Энг ибратли хонадон” танловлари ғолиби бўлишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири