ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманганда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллиги муносабати билан қатор маданий ва маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Наманган муҳандислик-қурилиш институтида ташкил этилди. Унда вилоят ҳокимлиги, Ҳиндистон давлатининг мамлакатимиздаги элчихонаси вакиллари, тарихшунос олимлар, университет профессор-ўқитувчилари, талабалар ҳамда ижодкор ёшлар иштирок этди.
[gallery-21707]
Тадбирда ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, буюк шоир, тарихчи, давлат арбоби, истеъдодли саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижоди, бой маънавий мероси, илмий асарлари ёдга олинди. Ушбу бебаҳо асарларнинг жаҳон тараққиёти, илм-фани ривожидаги аҳамияти, илмий салоҳияти, халқимиз, айниқса, ёш авлод маънавиятини юксалтиришдаги ўрни атрофлича таҳлил қилинди.
Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фотомухбири Ҳотам Мамадалиевнинг “Бобур қадамжолари бўйлаб” номли шахсий фотокўргазмаси ташкил этилди.
Кўргазмада фотомухбирнинг Ҳиндистонга уюштирилган сафари давомида суратга олинган қимматли фотолавҳалар намойишга қўйилган. Суратларда Бобур ва бобурийлар томонидан барпо этилган қадамжолар, тарихий обидалар, буюк шоирнинг шахсий ҳаёти билан боғлиқ маконлар акс этган.
Фотокўргазма Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи илмий ва ижодий мулоқот майдони сифатида муҳим аҳамият касб этиш билан бирга, томошабинларга улкан маънавий завқ бағишлади. Иштирокчилар Бобурнинг бой тарихий меросини яна бир бор эслаш, унинг ижодий дунёсини ўрганиш имконига эга бўлди.
Камола Юсупова, ЎзА