Сурхондарё вилоятидаги “Боботоғ” давлат ўрмон хўжалигида 10 минг гектар майдонда писта ва қатор ораларида коврак доривор ўсимлиги плантациясини барпо этиш лойиҳаси амалга оширлмоқда.

Боботоғ тоғ тизмалари Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида Сурхондарё ва Кофарниҳон дарёлари оралиғида жойлашган. Узунлиги қарийб 125 километрга, эни 30-40 километрга чўзилган. 65 минг 732 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган ўрмон хўжалигининг 36 минг 564 гектардан зиёд ҳудудини пистазорлар ташкил этади. Ўрмон хўжалигининг денгиз сатҳидан 800-900 метр баландликларида наъматак, зирк, бодом, писта сингари мевали ва манзарали дарахтлар мавжуд. Арчазорлари ундан ҳам баланд тепаликларида учрайди. Доривор коврак ўсимлиги ўсади. Тоғолди кенг яйловлардан иборат.

2023-2026 йилларга мўлжалланган лойиҳа ташаббускорлари ҳозиргача минг гектар майдонга писта ва коврак кўчатларини экиб, ўндириб олди.
Жаҳонда писта меваси ва коврак ўсимлиги ширасига йилдан-йилга эҳтиёж ортмоқда. Ҳар иккала маҳсулот ҳам шифобахшлиги билан дунё бозорида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда. Хусусан, халқ табобати ва замонавий тиббиётда писта соғлик учун фойдали ажойиб неъмат сифатида қайд этилади. Айниқса, Боботоғ пистаси калорияси юқорилиги ва витаминларга бойлиги билан ажралиб туради.
Олимларнинг айтишича, писта антиоксидантлар ва фойдали ёғ манбаига эга. Таркибида инсон организми учун фойдали озуқалар, оқсил, калций ва фосфор, асабларни тинчлантирувчи В ҳамда Е витаминлари мавжуд. Юрак соғломлигини таъминлайди. Холестерин миқдорини камайтиради. Яллиғланишнинг олдини олиб, қон томирларини ҳимоя қилади. Асабларни тинчлантиради. Бу мева таркибидаги лютеин ва зеаксантин кўз гавҳари ва тўр пардасининг марказий қисмида тўпланиб, уларнинг ҳимоя қобиғини мустаҳкамлайди ва кўз касалликларидан ҳимоя қилади. Пистани мунтазам истеъмол қилиш организмнинг ташқи таъсирларга қаршилигини оширади. Терини ёшартириш хусусияти бор. Моддалар алмашинувини яхшилаб, камконликнинг олдини олиш хусусиятига эга.

Замонамиз мутахассислари ковракнинг ўта шифобахшлигини алоҳида эътироф этмоқда. Шу боис фармацевтика саноатида унга талаб ошиб, жаҳон бозорида харидоргирлиги ортиб бормоқда. Ковракнинг доривор маҳсулот сифатида илдизи, барги, пўстлоғи, гули, меваси ва бошқа қисмларидан тайёрланадиган шираси, кукуни, настойкаси, эмулсияси ва таблеткасидан кенг фойдаланилади.
Манбаларда Ибн Сино ковракдан буйракдан тош тушириш, псориаз, тери ва жигарни тозалаш, экзема каби касалликларни даволашда фойдалангани қайд этилган. Шарқ табобатида мастопатия, бепуштлик, жинсий ожизликни даволашда ҳам қўлланилган.
Мамлакатимизда асосан сассиқ коврак (Ferula assa-foetida) кенг тарқалган бўлиб, шира шу турдаги ўсимликдан олинади.
Замонавий тиббиётда ковракдан ошқозон-ичак йўлини шлаклар ва гижжалардан тозалаш, ангина, бронхит ва нафас аъзолари шамоллаши билан кечувчи бошқа касалликларни даволашда ишлатилади. Кўз катарактасининг бошланғич босқичини, асаб тизимидаги бузилишлар ва тутқаноқни даволашда қўлланилади. Тиш оғриғи, мушак бўғимдаги оғриқлар, артрит, остеохондрозда яхши натижа беради. Шунингдек, қатор онкологик касалликлар, бачадон миомаси, простата бези аденомасида яхши ижобий натижа бериши ҳам аниқланган. Томир тортиши, ўпка сили, ўлат, захм, кўк йўтал сингари касалликларни даволовчи шифобахш ўсимлик саналади. Инсонга қувват бериб, энергетик баланс ва тонусни тиклайди. Сайёрамизнинг қатор давлатларида коврак елими ва илдизи зиравор сифатида ишлатилади, атторлик воситалари ишлаб чиқаришда фойдаланилади.
Мутахассислар фикрича, маданий пистазор қатор ораларида доривор ўсимлик етиштиришнинг йўлга қўйилиши лойиҳанинг самарадорлигини янада ошириб, бир гектар майдондан янада кўпроқ фойда олиш ва ерлардан оқилона фойдаланиш имконини беради.

–Лойиҳа самарадорлиги аниқ ҳисоб-китоб қилинган,–дейди "Боботоғ" ўрмон хўжалиги бошлиғи Ориф Жаббаров.– Массивда яшайдиган аҳоли писта ва коврак парваришлашда етарли тажрибага эга. У тўлиқ амалга оширилгач, икки мингта янги иш ўрни яратилади. Ҳар беш гектар майдонда бир киши иш билан банд бўлади. Пистазорлар орасида доривор коврак парваришлаш унинг натижадорлигини янада оширади. Жумладан, айни пайтда жаҳон бозорида бир килограмм писта меваси ўн доллардан сотилмоқда. Писта ҳосилга киргач, бир гектар майдондаги 200 туп дарахтнинг ҳар биридан олти килограммдан ҳосил олинади. Ўн минг гектар ердан 12 минг тонна писта териб олинса, мавжуд пистазор 120 миллион доллар даромад келтиради.
Ҳисоб-китобларга кўра, ўн минг гектар ерда оралиқ экин сифатида парваришланадиган коврак шифобахш ўсимлигини етиштириш учун 80 миллиард сўмлик уруғ харид қилинади. 20 миллиард сўм ерларни тайёрлаш ва экиш учун сарфланади. Каврак ўндириб олингач, саккизинчи йилидан бошлаб, ўртача уч минг тонна шира йиғиштириб олиниб, 6,8 триллион сўм даромадга эга бўлиш имконияти юзага келади. Лўнда қилиб айтганда, бир гектар майдонда 10 минг дона коврак ўсимлиги парваришланса, ундан 300 килограмм доривор шира олинади. Бир килограмм шира 2 миллион 200 минг сўмдан сотилгач, бир гектар майдон 660 миллион сўм даромад беради.

Қиймати 11,7 миллиард сўмлик лойиҳани амалга ошириш учун ўрмон хўжалигининг Дўхона бўлимидан 2 минг 600, Хазрат бобо бўлимидан 4 минг 375, Файзова бўлимидан 3 минг 25 гектар ер майдони танлаб олинган. “Боботоғ” давлат ўрмон хўжалиги 1,17 миллиард сўм маблағ эвазига минг гектар майдонда писта ва коврак парваришлашни йўлга қўймоқда. 9 минг гектарида хусусий сектор вакиллари янги пистазорлар барпо этиши ва қатор ораларида коврак етиштириш учун 10,504 миллиард сўм маблағ сарфлайди.
Писта ва коврак етиштиришда қулай иқлим шароитига эга ҳудудда мазкур лойиҳанинг руёбга чиқарилиши воҳанинг экспорт салоҳиятини оширади. Маҳаллий фармацевтика саноати учун ҳам арзон ва сифатли хом ашё етказиб беришга хизмат қилади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА