ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари чегарасида, Сурхондарё ва Кофарниҳон дарёлари оралиғида шимоли-шарқдан жануби-ғарбга томон Амударё соҳилигача чўзилган Боботоғнинг узунлиги қарийб 125 километр, эни 30-40 километр. Энг баланд чўққиси — Заркоса 2 минг 290 метр.
Боботоғнинг шарқий ёнбағри тик ва энсиз, тоғолди текисликлари Кофарниҳон дарёси террасаларида жойлашган. Ғарбий ёнбағри анча ётиқ ва кенг, асосий қисми паст тоғлардан иборат. Боботоғнинг ёнбағирлари кўплаб қуруқ сойлар билан парчаланган. Иқлими қуруқ ва кескин континентал. Ўртача йиллик ҳаво температураси тоғ этакларида 16°, ўртача баландликларда 8-10°. Йиллик ёғин миқдори 170 миллиметрдан 350-400 миллиметргача. Тоғ ёнбағирларида булоқлар, қиш ва баҳорда тўлиб оқиб, ёзда қуриб қоладиган сойлар бор. Бўз ва жигарранг тоғ тупроқларида хилма-хил эфемер, эфемероид ўсимликлар ўсади. 800-900 метр баландликларда наъматак, зирк, бодом ва пистазорлар учрайди. Ундан баланд жойларида (Бешарча, Заркоса тоғлари) арчазорлар бор. Боботоғ Ўзбекистоннинг ёввойи тоғ эчкилари яшайдиган манзилларидан бири.
[gallery-23131]
Тоғ олдилари яйлов. Боботоғнинг Кофарниҳон водийсида суғориладиган деҳқончилик ривожланган. Боботоғда инсон хўжалик фаолияти таъсирида эрозия, яйлов дегрессияси (емирилиши) кенг тарқалган. Алоҳида муҳофаза қилиниши зарур бўлган ландшафт кўп.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА