Боболаримиз жасорати бизни фахрлантиради
Президентимизнинг ташаббуси билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, уларнинг беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида пойтахтимизда “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси барпо этилди.
Айни пайтда “Ғалаба боғи”да Иккинчи жаҳон уруши жангларида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган кўп миллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини илмий асосда ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу ёдгорлик мажмуаларига ташрифлар ёшларни юксак маънавий-маърифий ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялашга муносиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳарбий хизматчилари ва курсантлари ушбу “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди.
Боғнинг илмий ходимлари томонидан иштирокчиларга “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида “Шон-шараф” давлат музейи, “Мангу жасорат” ва “Матонат мадҳияси” монументлари ёдгорлик мажмуаларининг барпо этилиши, шунингдек, тарихий аҳамияти тўғрисида сўзлаб берилди.
Курсантлар боғда уруш давридаги манзаралар, жумладан, блендажлар, пулемётлар, фашистларнинг танклари, мотоциклдаги ҳолатлари, уруш вайронгарчиликлари ва унда халқимизнинг кўрсатган қаҳрамонликлари тўлиқ ифода этилганлигини кўриб, аждодларимиз ғалабасидан яна бир бор ғурурландилар.


