Абдулазизхон мадрасаси – Бухородаги меъморий ёдгорликлардан бири.

Мадраса Бухорода кўпгина муҳташам бинолар қурдирган, аштархонийларнинг бешинчи вакили Абдулазизхоннинг буйруғи билан меъмор Мимхоқон ибн Хўжа Муҳаммадамин томонидан 1652-йилда қурилган. Ушбу мадраса Бухородаги Улуғбек мадрасаси қаршисида қурилган бўлиб, ўрта асрларнинг сўнгги босқичига мансуб.

Мадраса тузилиши оддий ва ҳужралари икки ошёнли. Катта пештоқ нафис ва нодир кошинкори нақшлар билан зийнатланган. Исломий нақшлар қаторида афсонавий жониворлар тасвири ҳам берилган. Мадраса ҳужралари, айниқса, жанубий айвон пештоқи турли-туман мовий ранг бўёқлар билан чизилган нақшлар билан безатилган. Гумбаз шипининг ганчли муқарнаслари орасида исломий нақшлар ва зарҳал безаги бор.

Бугунги кунда мадраса ҳовлисида сайёҳлар учун миллий мусиқа ва фольклор томошалари кўрсатилади. Шимолий-шарқий бурчагидаги миёнсаройда Бухоро ёғоч ўймакорлиги намуналаридан иборат кўргазма ташкил этилган. Шунингдек, 1997 йил Бухоро шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан Бухородаги барча меъморий иншоотлар қаторида Абдулазизхон мадрасаси ҳам қайта таъмирдан чиқиб, ЮНEСКО ташкилотининг Бутун жаҳон ёдгорликлари рўйхатига киритилган.

Хусусан, ХVII асрда Бухоро маҳобатли меъморчилигининг етук намунаси саналган мазкур меъморий обиданинг барпо этилиши тўғрисида тарих зарварақларида битилишича, Абдулазизхон олтинчи маротаба муборак Маккаю Мадинага зиёратга жўнаган пайти сафар чоғи, тунда унинг тушига нуроний бир чол киради. Ўшанда ушбу нуроний чол Абдулазизхонга: “Сен сафардан қайтганингдан кейин ўз ватанингда шундай бир меъморий обида қурдиргинки, бу обида юртингдаги бошқа обидаларга сира ҳам ўхшамасин. Қурдирадиган меъморий обидангда эса боқий ва фоний дунё ўз ифодасини топсин. Асрлар оша халқ ундан баҳраманд бўлиб, сени ёдга олсин”, – дебди.

Абдулазизхон сафардан қайтганидан кейин Бухородаги барча кўзга кўринган усталарни чақириб, меъморий обидани қуришларини ва мазкур обиданинг деворларидаги бежирим безаклар бир-биридан фарқ қилиши кераклигини, шу билан биргаликда, деворлардан бирида ўзининг сиймоси ҳам акс эттирилишини айтибди ҳамда: – Айтган шартларим ўз вақтида бажарилсин, – дея таъкидлабди.

Бироқ, ўша даврда одам суратини чизиш таъқиқланганига қарамай, уста меъморлар бор маҳоратларини ишга солиб, Абдулазизхон айтган мадрасани қуришга киришибди. Бетакрор меъморий обида аста-секинлик билан ердан қад кўтара бошлабди. Орадан бир неча вақт ўтгандан сўнг меъморий обиданинг маълум бир қисми қуриб битказилибди. Абдулазизхон ўзи қурдираётган обиданинг бир қисми қад ростлаганини эшитиб, у ерга ташриф буюрибди. Усталар мадрасани Абдулазизхон айтганидан ҳам зиёда қилиб қуришган экан. Абдулазизхон мадрасага кириб, усталарнинг ишини кўздан кечирар экан, ўнг томонда жойлашган хонақоҳ томонга юрибди. 

У хонақоҳ деворларидаги суратларни диққат билан томоша қилибди. Бунда, хонақоҳнинг жанубий деворига илон ва чаёнлар сурати ишланган бўлиб, бу фоний дунёнинг машаққатлари ҳақида маълумот берган. Шимолий қисмида тасвирланган чизгилар эса бу фоний дунёнинг азоб-уқубатларига бардош берадиган инсонларга боқий дунёда жаннат эшиклари очиқлигидан далолат бериши назарда тутилган. Хонақоҳнинг ғарбий деворига ишланган иккита айиқ сурати эса мансаб ва бойлик кишиларни синаб кўриш учун берилишини англатса, деворнинг шарқий қисмида бойлик ва мансабга берилиб, яратганни унутмаслик ҳақидаги оятлар битилганлигининг гувоҳига айланибди.

Абдулазизхон усталарнинг маҳоратини кўриб, бир томондан жуда қувонган бўлса, бошқа томондан эса ўзининг сурати ишланмаганлигидан жаҳли ҳам чиқибди ва меъморга қараб:

– Нега менинг суратимни чизмадинг, энди сени жазолайинми? – деб юзланганида, меъмор Абдулазизхонни хонақоҳ эшигидан ташқарига олиб чиқибди ва деворнинг ғарбий қисмида чизилган меҳроб ичидаги бир даста гул тасвирига диққат билан қарашни сўрабди. Шунда қарасаки, бир даста гулда унинг расми гавдаланиб турганини кўриб ҳайратланибди. Абдулазизхон яна бир карра моҳир усталарнинг юксак маҳорати ва зукколигига қойил қолибди.

Шундан сўнг, Абдулазизхон тожу-тахтдан бутунлай воз кечиб, тоат-ибодатга берилибди. У подшоҳликдан воз кечгандан кейин мадрасанинг қолган қисми битказилмай қолиб кетган. Аммо, шундай бўлсада, ушбу мадраса Бухоронинг кўркига-кўрк қўшиб, ҳозирга қадар қад ростлаб, ўзининг қадимий ва бетакрор қиёфасини сақлаб турибди.

Мазкур мадрасани томоша қилишга келган киши бу дунёдаги боқий ҳаётнинг моҳиятини турфа чизгиларда ифодалаган уста меъморларнинг заковати ва маҳоратига тан бермай, қолмайди.

Дилноза КОМИЛОВА,
Бухоро вилояти Туризмни
ривожлантириш департаменти
Ахборот хизмати раҳбари

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Боқий ва фоний дунё акс этган мадраса