Боғдорчилик ривожи йўлида
Нукусда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ва узумчиликни ривожлантириш масалаларига бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Нукусда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ва узумчиликни ривожлантириш масалаларига бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди.Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Фермерлар кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарлари, фермерлар, тажрибали боғбон ва мутахассислар иштирок этди.
Президентимизнинг 2013 йил 13 мартдаги “2013-2015 йиллар даврида республикада узумчиликни янада ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар натижасида узумчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари кўпайиб, сифатли маҳсулот етиштирилаётгани таъкидланди.
Қорақалпоғистон Республикасида 2012-2014 йилларда сабзавот етиштириш 16,3 фоиз, мева 21 ва полиз маҳсулотлари етиштириш 16,6 фоизга ўсди. Янги боғ ва токзорлар ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарасида 2010-2014 йилларда 50 минг гектар майдонда боғ барпо этилди. Жумладан, 14 минг гектар интенсив боғ, 23 минг гектар токзор яратилди.
– Семинарда боғларни парваришлаш, мевали дарахтларга кимёвий ишлов бериш борасида янги технологияларни қўллаш самаралари ҳақида кенг маълумотга эга бўлдик, – дейди Элликқалъа туманидаги “Одамбой-Салават” боғдорчилик фермер хўжалиги раҳбари Салават Отабоев. – 65 гектарлик боғимизда етиштирилган маҳсулотларни қиш мавсумида сақлаш учун ўтган йили 200 тонна сиғимга эга замонавий музлатгич қурдик. Бу аҳолини қишда ҳам сархил мевалар билан таъминлаш баробарида, нарх-наво барқарорлигини сақлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Тадбирда фермер ва деҳқонлар малакасини ошириш, техника ва кимёвий препаратлардан самарали фойдаланиш усуллари ҳақида сўз юритилди. Узумчиликни ривожлантириш, етиштирилаётган маҳсулотларни қайта ишлаш бўйича ҳам фикр алмашилди. Қишлоқ хўжалиги техникалари, кимёвий препаратлар ва уларни қўллаш учун ишлатиладиган ускуналар кўргазмаси намойиш этилди.