Боғчалар сони яна иккитага кўпайди
Термиз шаҳридаги Фаровон массивида битта давлат ва битта нодавлат мактабгача таълим муассасаси иш бошлади.
Бунёдкорлик
Термиз шаҳридаги Фаровон массивида битта давлат ва битта нодавлат мактабгача таълим муассасаси иш бошлади.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, нуронийлар, маҳаллий кенгаш депутатлари, шаҳар мактабгача таьлим муассасалари мудиралари, болажонлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Маълумотларга кўра, бундан икки йил аввал вилоятда 288 мактабгача таълим муассасаси фаолият юритиб, 3-7 ёшгача бўлган болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш кўрсаткичи 11,6 фоизни ташкил этган. Айни пайтда 480 та мактабгача таълим муассасасида вилоятдаги 3-7 ёшдаги болаларнинг 22,4 фоизи тарбияланмоқда. Бу кўрсаткич жорий йил охиригача 32,2 фоизга етказилиб, 74 минг болажонни мактабгача таьлим тизимига қамраб олиш режалаштирилган.

Замонавий массивда қад ростлаган 31-давлат мактабгача таълим муассасаси 385 ўринга мўлжалланган. Икки қаватли муҳташам бинони барпо этиш учун 16 миллиард 340 миллион сўм маблағ сарфланди. Бу ерда болажонлар учун барча шароит яратилган. Кенг, ёруғ спорт зал, бадиий гимнастика зали, ошхона ва бошқа хоналар, севимли эртак қаҳрамонлари ҳайкалчалари, расмлар билан безатилган соябонли кичик бассейн ва болалар ўйингоҳи болажонлар ихтиёрида.
“Нурли авлод” нодавлат мактабгача таълим муассасаси эса 200 ўринга мўлжалланган. Икки қаватли бино қурилишига тадбиркор Т.Маматқулов 1 миллиард 700 миллион сўм ўз маблағи ҳамда 4 миллиард 470 миллион сўм тижорат банки кредитидан фойдаланди.

Замонавий мебеллар, ранг-баранг ўйинчоқлар билан жиҳозланган нодавлат боғчада болажонлар учун барча қулайлик бор. Тарбияланувчиларга инглиз, рус ва корейс тиллари бўйича ҳам сабоқ берилади. Бу ерда 41 киши иш билан таъминланди.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов сўзга чиқди.