БНҚИЗ: халқаро ҳамкорлик
Канаданинг “Golden Horizon Exploration Inc” ҳамда Туркиянинг “TransAtlantic Petroleum” хорижий компаниялари делегацияси Бухоро вилоятига амалий ташрифи доирасида вилоятнинг ишлаб чиқариш салоҳияти билан яқиндан танишишди.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи мутахассислари ҳамроҳлигида меҳмонлар заводнинг ишлаб чиқариш ва инфратузилма цехлари билан танишди. Корхона билан танишиш асосий ишлаб чиқариш цехидан бошланди. У ерда меҳмонларга бир вақтнинг ўзида бир нечта технологик жараёнларни бошқаришга имкон берадиган марказий бошқарув хонаси намойиш этилди.

"Golden Horizon Exploration Inc" (Канада) ва "TransAtlantic Petroleum" (Туркия) компаниялари вакилларига бугунги кунда заводда 22 дан ортиқ маркаларни ҳисобга олган ҳолда 9 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилаётгани ҳақида маълумот берилди.

Меҳмонлар якуний истеъмолчига етиб боргунга қадар маҳсулотнинг ҳар бир партиясида бажариладиган ишларнинг босқичлари билан танишишди. Учрашув давомида Бухоро НҚИЗнинг келгуси йилларда ривожланиши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Маълумот учун, “Golden Horizon Exploration Inc” ва “TransAtlantic Petroleum” компаниялари нефть ва газ конларини қидириш, ривожлантириш ва оптималлаштиришга ихтисослашган хусусий энергетика компанияларидир.
Зариф Комилов, ЎзА