БМТнинг доимий координатори билан учрашув тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий координатори этиб тайинланган Роли Астханани қабул қилди.
Вазир Астхана хнимни ушбу лавозимга тайинлангани билан табриклар экан, Ўзбекистон БМТ ва мазкур тузилманинг ихтисослашган идоралари билан конструктив, ишончли ҳамкорлик ўрнатганини таъкидлади. Янги доимий координаторнинг касбий ютуқлари, иш тажрибаси шерикликни янада чуқурлаштиришига умид билдирди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги алоқа сезиларли даражада фаоллашгани, амалий мазмун билан бойиб бораётгани эътироф этилди. Мамлакатимиз ташкилот фаолиятининг барча йўналишларидаги жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланди. 2018-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Бош Ассамблеянинг тўртта қарори тасдиқланди.
Айни пайт Ўзбекистонда БМТ идоралари иштирокида умумий қиймати 174 миллион АҚШ долларидан кўпроқ қийматдаги 137 лойиҳа амалга оширилмоқда.
Минтақавий хавфсизлик, Афғонистонни барқарорлаштириш ва тиклаш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш, оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш, экологик муаммоларни ҳал этиш, хусусан, Орол денгизи инқирози оқибатларини юмшатиш каби соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболи кўриб чиқилди.
Ташқи ишлар вазирлиги
матбуот хизмати