Самарқандда Осиё хотин-қизлари форуми давом этмоқда. Форумда БМТ Бош котиби ўринбосари, “БМТ-аёллар” тузилмаси ижрочи директори Сами Бахус Ўзбекистон Президентига мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини тарғиб қилишга содиқлиги, ушбу форумни ўз вақтида ўтказиш ташаббуси учун миннатдорчилик билдирди.
– Дунё бўйлаб меҳнат қонунчилигида тенг ҳуқуқлилик кучайтирилмоқда, – деди С.Бахус. – Жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида раҳбарлик лавозимларида аёллар учун квоталар ва директорлар кенгаши аъзолиги ҳақиқатга айланди. Оналар ўлими қисқариши давом этмоқда. Бошланғич таълим олиш имкониятига эга бўлган қизлар сони тобора ортиб бормоқда. Кўплаб соҳаларда, шу жумладан, иқтисодиёт соҳасида ҳам гендер тенглик борасида муваффақиятга эришилди. Мисол учун, Ўзбекистонда тенг қийматдаги меҳнатга тенг ҳақ тўлаш жорий этилди. Хотин-қизларни саноат корхоналари ва хавфли деб топилган ишларга жалб қилиш бўйича чекловлар олиб ташланди. Бу қарорларни биз қўллаб-қувватлаймиз.
Дунёда юз бераётган кўплаб инқирозлар кўпроқ аёллар ва қизларга ўз салбий таъсирини ўтказаётганини БМТ вакили алоҳида қайд этди. Бунинг ёрқин мисоли Ғазодир. Мен тезда ўт очишни тўхтатишга чақираман. Ҳар учинчи аёл ҳали ҳам зўравонлик ва таъқибларга дучор бўлмоқда. Асосий сабаб – камситувчи нормалар ва қонунчилик тизимларидир. Аёллар ўртасида ишсизлик даражаси 50 фоизни, эркаклар орасида эса 30 фоизни ташкил этади.
“Ривожланишни молиялаштириш бўйича мажбуриятларга гендер муаммосини киритиш, гендер жиҳатларни ҳисобга оладиган иқтисодий ва ижтимоий сиёсат юритиш, хотин-қизлар ташкилотлари ва бирлашмаларини молиялаштириш зарур. Асосийси, бир жамоа бўлиб ҳаракат қилиш, умумий қарашларни шакллантириш, умумий ечимларни ишлаб чиқиш, биргаликда ҳаракат қилиш ва умумий ҳисобдорликни таъминлашни зиммамизга олиш учун бирлашамиз. Бизни тарихий Самарқандда қабул қилгани учун Ўзбекистон ҳукуматига яна бир бор миннатдорчилик билдираман”, деди маърузачи.
Норгул Абдураимова, ЎзА