БМТ Россия ва АҚШни огоҳлантирди
БМТ Россия ва АҚШни “START” шартини бажаришга чақирди. Акс ҳолда, оқибат ҳалокатли бўлиши мумкин, дея огоҳлантирди Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш.
“CНВ-III – New START” Россия Федерацияси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида қабул қилинган Стратегик ҳужум қуролини янада қисқартириш ва чеклаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги муҳим ҳужжат ҳисобланади. Шартнома икки буюк давлатда жойлаштирилган стратегик ядро қуроли захирасини ўзаро камайтириш тўғрисидаги икки томонлама келишувдир.
– Бугун гапириш керак: ядровий қурол назоратисиз дунё анча хавфли ва беқарор, – дейди мулозим. – Афсуски, оқибат ҳалокатли ва аянчли бўлиши мумкин. Бунга йўл қўймаслик учун барча саъй-ҳаракатни мувофиқлаштириш, жумладан, мулоқотни зудлик билан тиклаш зарур.
Унинг таъкидлашича, “START” шартномаси нафақат Россия ва АҚШ, балки бутун халқаро ҳамжамият хавфсизлигини таъминлайдиган ҳужжат. РФ Президенти Владимир Путин Федерал Мажлисга мурожаатида мамлакат Стратегик ҳужум қуроллари бўйича шартномадаги иштирокини тўхтатишини маълум қилди. Аниқлик киритилишича, шартномадан бутунлай чиқиш ҳақида гап йўқ.
ЎзА