БМТ Бош котиби Ўзбекистоннинг яна бир ташаббусини маъқуллади
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистонни мамлакатда фуқаролик тўғрисида янги таҳрирдаги “энг камида 50 минг кишининг фуқаросизлигига чек қўйишга қаратилган” қонуннинг қабул қилиниши билан қутлади.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистонни мамлакатда фуқаролик тўғрисида янги таҳрирдаги “энг камида 50 минг кишининг фуқаросизлигига чек қўйишга қаратилган” қонуннинг қабул қилиниши билан қутлади. Ушбу маълумот БМТ раҳбари матбуот котиби Стефан Дюжаррикнинг ташкилот расмий сайтида эълон қилинган баёнотида келтирилган.
Баёнотда айтилишича, “Аввал фуқаролиги бўлмаган инсонларга фуқаролик ҳуқуқини тақдим этиш билан, Ўзбекистон аҳолининг имтиёзлардан сезиларли даражада мосуво бўлган муайян қисми турмуш тарзини кескин оширишга эришади”.
Бош котиб Ўзбекистоннинг ушбу ташаббусини 2024 йилга бориб бутун дунёда фуқаросизликка барҳам беришга йўналтирилган глобал саъй-ҳаракатларга қўшилган муҳим ҳисса, деб баҳолаган.
“Ушбу воқеа, шунингдек, Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасидаги ҳаракатлар ўн йиллигига қадам қўйилаётган бир пайтда ҳеч ким бу жараёндан ортда қолмаслигини таъминлаш йўлида қатъий эканини яққол намойиш этади”, – дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, шу ҳафтада Ўзбекистон Президенти янги таҳрирдаги “Фуқаролик тўғрисида”ги қонунни имзолади. Мазкур қонунга мувофиқ, жорий йил 1 апрелдан бошлаб 1995 йилгача мамлакатимизга келган ва шу ерда яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади.