“BMB HOLDING” раҳбари Италия элчиси билан учрашди
“BMB HOLDING” бош офисида холдинг кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳамда Италиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, жаноб Пьергабриеле Пападия де Боттини ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Ушбу учрашувнинг асосий мавзуси Ўзбекистон – Италия қўшма корхонаси томонидан Жиззах вилояти Бахмал туманида заъфарон маҳсулотини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш лойиҳасининг бориши бўлди.

Элчи “BMB Za'faron” бренди остида етиштирилаётган заъфарон учун “USDA Organic” халқаро сертификатининг муддати узайтирилганини юқори баҳолади. Унинг фикрича, бу Ўзбекистонда миллий бренд остида етиштирилаётган маҳсулотни жаҳон бозорига экспорт қилиш учун катта имкониятлар яратади.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида элчихона билан биргаликда икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида бизнес форум ўтказишга келишиб олинди.

Шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида истиқболли соҳаларни белгилаб олиш ва ушбу йўналишларга Италиянинг йирик компанияларини жалб қилиш бўйича стратегия ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди.
Учрашувда нафақат иқтисодий, балки маданият, таълим ва спорт каби ижтимоий соҳаларда ҳам ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Бу каби учрашувлар Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири