Куни кеча ижтимоий тармоқларда блогер Фотима Жўраеванинг видеомурожаати тарқалди.Видеомурожаатда блогер томонидан Улуғнор туманидаги фермер хўжаликларига истеъмол қилинган электр энергияси учун сунъий қарздорлик юзага келтирилаётганлиги, ушбу ҳолат бўйича аниқлик киритиш, аниқроғи, электр энергияси етказиб бериш ва қарздорлик бўйича Улуғнор туманидаги “Истиқлол зар толаси” фермер хўжалигига тегишли ҳужжатларнинг тақдим этилишини сўраб, туман электр тармоқлари корхонасига кирганида корхона ходимлари уни калтаклаганлиги, ўзига тегишли телефонни синдириб ташлаганликлари айтилган.
ЎзА мухбири ушбу ҳолатни ўрганиш мақсадида Улуғнор туманида бўлиб, воқеа иштирокчилари билан суҳбатлашди, фермер хўжалигининг электр энергияси бўйича қарздорлигига оид ҳужжатлар билан танишди.
Корхона ҳисобчиси ҳамда блогер Фотима Жўраева ўртасидаги жанжал юзасидан Улуғнор тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари Зафарбек Султонов шундай изоҳ берди:
– Блогер Фотима Жўраева ҳақиқатдан ҳам “Истиқлол” масиввидаги “Истиқлол зар толаси” фермер хўжалигига оид ҳужжатларни тақдим этилишини сўраб мурожаат қилган. У билан ана шу масалада охирга марта телефон орқали гаплашганимда, ҳозир маҳаллаларда эканлигимни соат 14-00 дан кейин идорага келса, сўраган барча ҳужжатларни тақдим этишимизни айтдим.
Мен келишилган пайтдан кечроқ идорага келдим. Келганимда бош ҳисобчи хонасида бақир-чақир бўлаётган экан. Нима гаплигини сўраб, уларни тинчлантиришга ҳаракат қилдим. Эшик олдида турган фермер хўжалиги раҳбари Каримахон опа Тоштемирова билан ўз хонамга кириб, нимага бундай тўпалон бўлаётганлигини сўрадим. Опа воқеа ҳақида гапириб берди. Ҳисобчи Ф. Жўраевани калтаклаганлигини кўрмадим. Очиғи, Сайдулло Мамадалиев табиатан кимнидир урадиган инсон эмас.
– Блогер Фотима Жўраева билан бош ҳисобчи Сайдулло Мамадалиевнинг хонасига бирга кирдик, – дейди воқеа иштирокчиси “Улуғнорлик асл бриллиант тоши” фермер хўжалиги раҳбари Гўзалой Қаюмова. – Блогер фермер хўжалигининг расмий вакили, яъни ушбу хўжаликда ишлашини айтиб, фермер хўжалигига оид ҳужжатларни тақдим этишини сўради. Лекин Сайдулло қўпол муомала қилиб, ҳужжатларни фермернинг ўзига беришини айтди. Ўртада бақир-чақир бўлди. Шу пайтда Фотимахон ҳолатни телефони орқали видеотасвирга тушира бошлади. Бундан жаҳли чиққан Сайдулло, видеога олмаслигини айтиб бақирди. Блогерни урди.
– Блогер Фотима Жўраева фермер хўжалиги раҳбари билан хонамга киришиб, қарздорликка оид ҳужжатларни сўраганида мен уни танимаслигимни, ҳужжатларни фермер хўжалиги раҳбарига беришимни айтиб, Карима опага корхонамиз ва фермер хўжалиги ўртасида электр энергияси истеъмоли бўйича тузилган солиштирма далолатномалар, Бўстон туманлараро иқтисодий судининг қарздорликни тўлаш бўйича қарори нусхаларини бердим. Блогер фермер опадан ҳужжатларни олиб, бу ҳужжатлар сохта деб, хужжатларни ирғитиб ташлади. Бақириб, хонамдаги стол устида турган барча қоғозларни сочиб юборди. Атайлаб жанжал чиқаришга уринди, куракда турмайдиган сўзлар билан мени ҳақоратлади. Шундан сўнг мен ҳам чидаб туролмай, сўкиниб, бақирдим. Лекин уни урганим йўқ.
Бевосита воқеада иштирок этган туман электр корхонаси ҳуқуқшуноси Акмалжон Сиддиқов ҳам ҳисобчи блогерни урмаганлигини айтди.
Бу масалада ким ҳақ, ким ёлғон гапиряпти. Энди бунга мутасадди идоралар вакиллари – туман ички ишлар бўлими, прокуратураси ходимлари ойдинлик киритади. Бизга маълум қилишича, ИИБ ходимлари томонидан блогер Фотимахон Жўраевага етказилган тан жароҳати бўйича суд тиббиёт экспертизаси тайинланган. Мазкур ҳолат юзасидан Улуғнор тумани ички ишлар бўлими ходимлари терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.
Ижтимоий тармоқларда, айрим сайтларда фермерлар ҳам калтаклаб ташланди, деган хабарлар юзасидан фермер Каримахон опа Тоштемирова шундай фикр билдирди.
– Йўқ, бу хабар нотўғри. Электр тармоқлари корхонаси ходимлари на менга, на мен билан бирга келган фермер Гўзалойга қаттиқ гапиргани ҳам йўқ, хақоратлагани ҳам йўқ. Жанжал фақат Фотимахон ва Сайдулло ўртасида бўлди. Гўзалой, мен ва корхона ҳуқуқшуноси Акмалжон уларни ажратдик.
Шу ўринда Блогер Фотима Жўраеванинг ижтимоий тармоқлардаги мурожаатини ўрганиш юзасидан “Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти томонидан тузилган махсус комиссия аъзоларининг Улуғнор электр тармоқлари корхонасида ўтказган ўрганишлари натижасида туман ЭТК ходимлари Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни талабларига риоя қилмай, корхонага келган фермер хўжалигининг вакили, блогер Фотима Жўраеванинг оғзаки мурожаатини руйхатга олмаганлиги, шунингдек, корхонада жисмоний ва юридик шахсларнинг оғзаки мурожаатларини рўйхатга олиш китоби юритилмаганлиги, фуқароларни қабул қилиш хонаси мавжуд эмаслиги, ҳисобчи Сайдулло Мамадалиев томонидан тақдим килинган солиштирма далолатномада чалкашлик мавжудлиги, ушбу холат истеъмолчи ва унинг вакилига тўғри тушунтирилмаганлиги окибатида жанжал келиб чикганлиги маълум бўлди. Бу бўйича албатта “Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ раҳбарияти томонидан қонун доирасида чоралар кўрилади.
Фермер хўжалигининг қарздорлиги сунъий оширилиши ҳақидаги фикр юзасидан туман электр тармоқлари томонидан тақдим этилган ҳужжатлар корхона ҳамда туман молия бўлими мутахассислари иштирокида ўрганиб чиқилди.
Улуғнор тумани “Истиқлол” массивидаги пахтачилик-ғаллачилик йўналишида фаолият юритаётган “Истиқлол зар толаси” фермер хўжалиги ҳамда туман ЭТК ўртасида тузилган 270202-сонли электр энергиясини етказиб бериш тўғрисидаги шартнома мавжуд бўлиб, муносабатлар ана шу ҳужжат доирасида олиб борилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги “Фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидялар ажратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 320-сонли қарорига асосан, фермер хўжалиги томонидан пахта ва ғалла эканларини етиштириш учун сарфланган электр энергияси учун тўловлар Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидиялар ҳисобига тўланиши белгиланган бўлиб, “Истиқлол зар толаси” фермер хўжалигининг жорий йилдаги жами 74,33 гектар, шундан 47.2 гектар пахта, 27.13 гектар бошоқли дон экилган майдонини суғоришда фермер хўжалиги ихтиёридаги 1 дона насос агрегатини ишлатиш учун 2021 йилга 345.0 кВт соат электр энергияси лимити ажратилган.
Туман электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан тақдим қилинган маълумотларга кўра, фермер хўжалиги жорий йил 1 январь ҳолатига истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловлардан 213 миллион 329 минг 967 сўм, муддати ўтган қарздорлик учун ҳисобланган 19 миллион 959 минг 115 сўм пениядан, жами бўлиб 233 миллион 289 минг 83 сўм миқдорида қарздорлиги бўлган.
Фермер хўжалиги томонидан 2021 йилнинг 10 ойи давомида 47 миллион 195 минг 932 сўмлик электр энергияси истеъмол қилинган. Туман молия бўлими томонидан фермер хўжалиги истеъмол қилган электр энергряси учун субсидия сифатида 238 миллион 500 минг сўм миқдоридаги маблағ ўтказиб берилгандан сўнг фермер хўжалигининг 91 миллион 32 минг сўм қарздорлиги қолган. Қарз бўлган давр ва қолган қарздорлик учун дастур асосида 72 миллион 949 минг сўм пеня қўшилган. Шундан сўнг жами қарздорлик 164 миллион 22 минг сўмни ташкил этган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 февралдаги “Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирилишини молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3574-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 февралдаги “Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 149-сонли қарори ҳамда “Ўзбекэнерго” АЖнинг 2018 йил 9 мартдаги 147-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг 2018 йил январь ҳолатига электр энергиясидан бўлган қарздорлиги тўлов муддати 3 йилга кечиктирилган бўлиб, 2021 йил 1 январдан уч йиллик муддат ўтиб бўлганлиги ҳисобига “Истиқлол зар толаси” фермер хўжалигининг тўланиши кечиктирилган 44 миллион 432 минг 686 сўм миқдоридаги қарздорлиги ҳам дастурга киритилган. Натижада бугунги кунга келиб, фермер хўжалигининг электр энергияси учун тўловлардан жами қарздорлиги 208 миллион 455 минг 530 сўмни ташкил қилган.
Ўрганишлар натижасида фермер хўжалиги қарздорлиги сунъий оширилмаганлиги маълум бўлди.
– Электр энергияси таъминоти, тўлов ва қарздорлик бўйича туман электр тармоқлари корхонасига менинг ҳеч қандай эътирозим йўқ, – дейди “Истиқлол зар толаси” фермер хўжалиги раҳбари Каримахон Тоштемирова. – Қарздорлигимиз бўлсада, экинларни суғориш мавсумида насосимиз ишлаб турди, ток узиб қўйилгани йўқ. Туман молия бўлими томонидан субсидия асосида вақти-вақти билан тўловлар ўтказиб берилмоқда. Ишлашимиз учун имконятлар яратиб бериляпти.
Воқеа юзасидан хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Энг асосийси, ушбу ҳолат бўйича адолат қарор топсин.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМУРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА