“Бизнинг Президент” мулоқот майдонига марҳамат (+видео)
2023 йил Ўзбекистон солномасида тарихий воқеалар йили сифатида қайд этилиши муқаррар. 30 апрель куни Янги Конституция лойиҳаси умумхалқ референдумига қўйилди. Сайловчилар томонидан кўтаринки руҳда қабул қилингач, 9 июль куни муддатидан олдинги Президентлик сайлови куни деб тайинланди. Бу албатта амалдаги давлат раҳбарининг сиёсий иродаси туфайли рўй берди.
Шундан қилиб, Ўзбекистон, унинг халқи 9 июль куни Президентлик сайловларига боради. Шу кунларда сиёсий партиялар Пленумлари Президентликка номзодларни аниқлаб ўз қурултойларида муҳокама ва якуний қарор қабул қилиш учун тавсия қилдилар. Энди қонунда кўрсатилган муддатларда бу ишлар давом этади.

Ўзбекистон барча йўналишларда очиқлик сиёсатига юз тутди. Жумладан сайловларда ҳам. Халқ ўзи танлаган номзод учун эркин-эмин овоз бериш, ўз Президентини сайлаб олишига ҳуқуқий асослар яратилди.
Хўш, Ўзбекистон халқига қандай Президент керак?
Мамлакатдаги сўз эркинлиги шу саволни ўртага ташлаш, фикр мулоҳазаларни ошкора билдириш имконини ҳам яратди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги “Бизнинг Президент” мулоқот майдонини ташкил этди, унинг илк меҳмонлари:
Фарғона Давлат Университети ректори, профессор Баҳодиржон Шермуҳаммадов,
Ҳунарманд, тадбиркор, Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати аъзоси Иброҳимжон Султонов,
Ёшлар Иттифоқи Фарғона вилоят кенгаши раиси Шохруҳ Ўктамов.
Уларга берган илк саволимиз Ўзбекистонга қандай Президент керак, деб ҳисоблайсизлар?
Иброҳимжон Султонов:
- Дастлаб ўзим хақимда айтмоқчиман. Оддий тўқувчи эдим. Уйда, ижарада битта дастгоҳни тебратиб, ҳунармандлик қилдим, атлас-адрас тўқидим. Кейин шундай шароитлар яратилдики, мен ўзим корхоналар очдим. Бунга мамлакатимизда ҳунармандликни қўллаб-қувватлашга қаратилган ва қабул қилинган фармон, қарорлар туфайли эришдим. Ҳозир қўл остимдаги бешта корхонада уч мингдан зиёд ишчи ўрни яратганман. Айниқса, сўнгги йилларда ҳунармандларга жуда катта имтиёзлар берилди. Илгари маҳсулот экспорт қилсак ҳисоб рақамимиздаги валютанинг ярмини белгиланган нархда давлатга сотишга мажбур эдик. Бирон ускуна учун хорижга пул ўтказмоқчи бўлиб, валюта сўрасак, масала Вазирлар маҳкамаси даражасида жуда қийинчилик билан хал этиларди. Хатто йиллаб кутган давримиз ҳам бўлган, ҳозир эса иш жойимда ўтириб телефоним орқали электрон шартномалар тузиб маҳсулотларимни экспорт қиляпман.
- Келгусида сайланадиган президент ҳунармандга нисбатан жорий этилган ички сиёсатни янада такомиллаштиришини, бизни қўллаб қувватлашини давом эттирса деймиз.
Баҳодиржон Шермуҳаммадов:
- Бундан олти йил аввал Фарғона давлат университетининг талабалари сони 6500 эди. Бугун улар 33.000 дан ортиқ. Уларга 2200 дан зиёд профессор ўқитувчилар устозлик қилмоқда. Бу нимадан далолат беради? Биринчидан, таълимнинг “Олтин халқа”си амалда ишлай бошлади. Иккинчидан, университетда бешта йўналишда илмий даража берувчи кенгашлар тузилди ва фаолият кўрсатмоқда. Учинчидан, ўқув бинолари, ётоқхоналар, кутубхона ва бошқа инфратузилмалар бунёд этилди. Муаммолар бор албатта, аммо улар босқичма-босқич хал этиляпти. Бизга билимли, салохиятли, куч-қудратли, халқаро ҳамжамият анжуманларида ўз фикрини айта оладиган ва ҳимоя қилиш қобилиятига эга, халқ орасида обрў-эътиборга эга, миллат тақдирини юрагидан ўтказа олган қирқ миллионга яқин аҳолини бошқариш иқтидорига эга инсон президент бўлишини истайман. Тарихда кўплаб давлат раҳбарлари бўлган. Аммо улар орасида амалдаги президент каби ислоҳотчи инсонлар жуда кам эди.
Шохруҳ Ўктамов:
- Ҳар бир ёш аввало ўз оиласида, ота-онасидан ибрат олади. Жамиятда эса иродали раҳбарни кўриб улғаяди.
Президентлик имтиёз эмас. Президентлик ўз халқига, ватанига садоқат билан хизмат қилиш имкониятидир. У стратегик билимга эга бўлиши керак деб ҳисоблайман. Ёшларнинг орзу умидларини рўёбга чиқаришни кафолатлаган инсонни албатта қўллаб-қувватлаймиз.
- Яна бир савол: агар сиз президентликка номзод билан учрашиб, унга таклиф ва тавсия бериш имкониятингиз бўлганида нималар деган бўлардингиз?
Шохруҳ Ўктамов:
- Агар президентликка номзодлар билан учрашиш имкони туғилса, албатта, ёшларнинг бандлиги масаласини кўтарган бўлар эдим. Қолаверса, ногиронлиги бўлган ёшлар масаласида ҳам мурожаат қиламан. Иккинчидан, норасмий секторда меҳнат қилувчиларни легаллаштириш механизмини яратиш зарурлиги ҳақида таклиф берган бўлардим.
Иброхимжон Султонов:
- 100% қўл меҳнатига асосланган ҳунармандлик корхоналаридан олинаётган солиқ миқдорларини кўриб чиқиб хуқуқий хужжат қабул қилинишини сўраган бўлардим.
Баҳодиржон Шермуҳаммадов:
- 2021 йилда Фарғона давлат университетида 65 та фан номзоди илмий даражаси учун диссертациялар ҳимояси бўлиб ўтди. 2022 йилда эса улар сони 85 тага етди. Бу нимадан далолат беради? Илм билан шуғулланмоқчи бўлган иқтидорли ёшларга квоталарни кўпайтириш лозим. 2030 йилгача қабул қилинган “Ҳаракатлар стратегияси” дастурининг барча пунктларини изчиллик билан бажарадиган номзод учун овоз берган бўлардим. Қолаверса бўлажак президент яқин йиллар ичида мамлакатимиз дунёнинг ривожланган мамлакатлари қаторига қўшилишини таъминлаши лозим.
“Бизнинг Президент” мулоқот майдони спикерларидан яна бир масалада шахсий фикрларини билмоқчи бўлдик.Маълумки, Президентликка номзодлар сиёсий партиялар қурултойи қарорига кўра кўрсатилади. Номзодни рўйхатга олишнинг ўз қонуний талаблари бор. Шунга қарамасдан юртдошларимиз орасида Президентликни орзу қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Бир санъаткор юртдошимиз президентликни орзулаган. Албатта орзуга айб йўқ. Аммо ҳеч ким уни қўллаб қувватламади.
Яна бир юртдошимиз шу кунларда мамлакат раҳбари, халқ етакчиси бўлишни, ҳатто бош вазирликка ҳам рози эмаслигини айтмоқда.
Хорижий оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида у жумладан шундай дейди:
–Халқ қафасда ушлаб қолиняпти;
–Мақсадимиз амалдаги давлат тизимига чек қўйиш;
–Бизнинг таркибимизда халқ ёзувчи – шоирлари, олим-у академиклар, меҳнат қахрамонлари йўқ;
–Ўзбекистон давлат ҳокимияти тараққиёт душмани, у билан халқ курашяпти;
–Бош вазирликка ҳам рози эмасман.
Хўш бунга нима дейсизлар?
Баҳодиржон Шермуҳаммадов:
- Олиму академиклар, халқ ёзувчи шоирлари, меҳнат қаҳрамонлари сафида бўлмаган партияга зиёлилар танқидий кўз билан ёндошишларига ишонаман. Бу ерда менимча партия табақалаштирилмоқда. Жамиятда рўй бераётган ўзгаришларни ҳамма англаб турибди. Инсон академик бўлиш учун жуда катта илмий мактаб яратиши, уни халқаро олимлар ҳамжамияти эътироф этиши керак ёки Ўзбекистон қахрамони Лола Муродовани ёдга олайлик. У умрини халқига бағишлади. Минглаб гектар майдонларни ўзлаштириб хосил етиштирди. Шу каби инсонларни сафига киритмаган партия халқчил бўла оладими? Ёки Эркин Воҳидов каби шоирлар халқ дардини ёзгани учун уларга халқ шоири унвони берилган. Нега бундай инсонлар ватан тараққиётига хизмат қилади деб, эълон қилинган партия сафига киритилмаслиги керак? Бундай баёнотлар Ўзбекистон зиёлиларига, илм фанига, меҳнаткаш халқига отилган тошга тенгдир.
Шохруҳ Ўктамов:
- Биз ёш бўлсакда президент бўламан, партия тузаман деганларни ҳам кўрдик. Менимча сиёсий партия ташкил этаман дейиш бир нарса, электоратим ким бўлади деган гап иккинчи нарсадир. Хўш, ўша юртдошимиз сиёсий партия очмоқчи экан, қани уни қўллаб-қувватлаётган электорат? Ҳатто қонунда белгиланган 20.000 та имзо ҳам халигача тўпланмадику. Яна бир гап. Ўзбекистоннинг, шу халқнинг бир фарзандиман. Мен каби ёшлар мамлакат аҳолисининг 60% ни ташкил этади. У жанобга менинг, бизнинг номимиздан баёнот беришга ким ваколат берган? Кимдир менинг номимдан гапиришига мутлақо қаршиман.
Иброҳимжон Султонов:
- Мен ҳунарманд бўлсамда дунёнинг жуда кўплаб мамлакатларидаги кўргазмаларида иштирок этдим. Фарғонанинг ўзида мен каби минглаб ҳунарманд – тадбиркорлар эмин эркин фаолият кўрсатмоқда. Тадбиркорлар Минглаб корхоналар, қўшма корхоналар очиб ишлашмоқда. Бу ишлар мамлакатимиздаги эркинлик, очиқлик, ошкоралик туфайли рўй бермоқда. Ахир авваллари хусусий корхоналар, фабрикалар, заводлар бўлмаган эдику. Хаёт даражаси шундай ривожландики, уйда ёки устахонада ўтириб хатто телефон орқали Америка ва бошқа мамлакатлардаги ҳамкорлар билан шартномалар тузиш, маҳсулотни сотиш, технология ёки хом-ашё учун валюта ўтказиш мумкин. Ҳисоб рақамимдаги ўзбек сўмини бир дақиқа ичида эркин муомаладаги хорижий валютага айлантириш имконияти оддий холга айланганичи? Бундай шароитлар яқин-яқинда ҳам йўқ эдику! Қафасда турган одамда шундай имкониятлар бўлармиди?
–“Бизнинг Президент” мулоқот майдонида билдирган шахсий фикр-мулоҳазаларингиз учун раҳмат.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/MUi9XFUuICs" title="“Бизнинг Президент” мулоқот майдонига марҳамат" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Шуни алоҳида таъкидламоқчимизки, мулоқот майдонигасайлаш ҳуқуқига эга ёшдаги ишчи, хизматчи, фермер-у – тадбиркор, олим-у амалдорларни, сиз тавсия этган инсонларни таклиф этамиз ва уларга муҳим сиёсий воқелик ҳақида фикр – мулоҳазаларини ошкора, эркин билдириш имконини яратамиз.
Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов