Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига қараганда, ҳар 45 сонияда 1 киши, соатига 80, кунига 1918, йилига эса 750 000 дан ортиқ киши ўз жонига қасд қилади. Бу рақамлар сиз айни шу сатрларни ўқиётган маҳалда яна бир киши ўз жонига қасд қилганлигини англатади.
Бутун дунё бўйлаб суицид бўйича мутахассислар ўз жонига қасд қилиш муаммоси ҳақида фикр юритадилар, ўз жонига қасд қилиш муносабатларини ва унга таъсир қилиши мумкин бўлган кўплаб омилларни ўрганадилар. Аммо бу тажрибаларнинг барчаси одамлар нима учун ҳаёт билан хайрлашишга қарор қилишларини тушунтирувчи ҳеч қандай умумий хулоса ва кенг қамровли назарияга олиб келмади. Ҳамма нарса жуда индивидуал. Шунга қарамай, тадқиқотлар натижасида қатор умумий жиҳатлар кузатилган.
Суицид рақамларда
Очиқланган маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда ўз жонига қасд қилганлар орасида руҳий касал, асабий характер, хулқ-атворида салбийлик аломатлари юқори бўлган кишилар энг кўп – 45 фоизни ташкил этган. Оилавий жанжаллар хусусан, эр-хотин, қайнона-қайноталар, эрнинг қавм-қариндошлари ёки ўзининг бошқа бировлар билан жанжаллашиб қолиши туфайли суицид содир этганлар миқдори 13,7 фоизни ташкил этган.
Шунингдек, моддий-маиший жиҳатдан кам таъминланганлик (2,3 фоиз), гиёҳвандликка ружу қўйиш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўя олмаслик (1,7 %), рашк туфайли (0,7 фоиз) ишхонадаги келишмовчиликлар, бошқа бировнинг шахсга тегадиган даражада ҳақорат қилиши (0,3 фоиз) ва бошқалар (севгани билан жанжаллашиб қолиши, ўқишга кира олмаслиги, фарзанд касаллиги ёки йўқлиги, пулини йўқотиш, бошқалар билан зиддият) – 17,6 фоизга етган.
ЖССТ маълумотларига қараганда, сўнгги 20 йил ичида дунёда ўз жонига қасд қилишлар сони 36 фоизга камайганига қарамай, улар урушлар ва қотилликлардан кўра кўпроқ одам ўлдирган. Ҳар юзинчи ўлим – суицид.
Суицид ёш танламайди
Ўз жонига қасд қилиш ёшлар ўлимининг асосий сабабларидан биридир. Аммо бу суицид кекса кишиларга қараганда ёшларда кўпроқ содир бўлишини англатмайди. Жаҳон миқёсида суицидларнинг 58 фоизи 70 ёшдан ошганлар томонидан содир этилган (ҳар 100 мингдан 25 киши). Демографик жиҳатдан кейинги ўринларда мос равишда 50-69 ёшдагилар (ҳар 100 мингдан 14 киши), 15-49 ёшдагилар (ҳар 100 мингдан 11 киши) эгаллаган. Энг паст кўрсаткичларни эса 5-14 ёшдагилар кўрсатган.
Тиббиёт фанлари номзоди, невролог Зарифбой Ибодуллаев билан "суицид" сабаблари ва унинг олдини олиш бўйича қилиниши мумкин бўлган ишлар ҳақида батафсил суҳбатлашдик.
Батафсил
<iframe width="853" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/1-7BgbU5jZ0" title="Бизни нима суицидга етаклайди?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Баъзи мулоҳазаларга қараганда, суицид ҳолатларининг ошиб кетишига қисман ОАВнинг ҳам “айби бор”. Уларга кўра, жонга қасд қилиш ҳақидаги хабарларнинг давомий ва деструктив узатилиши аҳоли ўртасида шу ҳолатга яширин тарғиботни кучайтирмоқда. Бироқ, Ўзбекистонда ўз жонига қасд қилиш муаммоси ахлоқ, менталитет ва дин билан шунчалик кўпки, бу ҳақда жуда кам гапирилади. Аммо сукунат воқеликни ўзгартирмайди, баъзан эса вазиятни янада оғирлаштиради – одамлар суицидга вазиятдан чиқишнинг бирдан бир йўли сифатида қарай бошлашади ва буни амалга оширади. Бизнинг фикримизча, фақат очиқлик, тушуниш ва қабул қилиш кишиларни ҳалокатли қарорлар қабул қилишдан имкон қадар тўхтатиб қолишга ёрдам беради.
Бизни кузатишда давом этинг. Ўзингиз ва яқинларингизни эътиборсиз қолдирманг.
М.Турдалиева, А.Аҳмедов (видео), ЎзА