Бизнес учун илк қадам
Наманганда Республика Вазирлар Маҳкамаси Ишчи гуруҳи ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан “Аёллар бизнеси учун биринчи қадам” мавзусида форум ўтказилди.
Тадбиркор ва ҳунарманд аёллар билан очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган тадбирда ишбилармонлик соҳасида тажриба эга опа-сингиллар билан бир қаторда ўз бизнесини йўлга қўйиш истагидаги хотин-қизлар ҳам иштирок этди. Дастлаб семинар доирасида тадбиркор ва ҳунарманд хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг кўргазмаси ташкил этилди.
Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари – вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Динара Яқубова кейинги йилларда Президентимиз раҳнамолигида юртимизда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, айниқса, ишбилармон аёлларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бераётганлигини таъкидлади.
Наманган вилоятида айни шу йўналишда тасдиқланган дастурга кўра, 65 та ўқув муассасасида 20 минг 572 хотин-қизни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш режалаштирилган. Қолаверса, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан хотин-қизлар тадбиркорлиги лойиҳаларини молиялаштириш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 86 миллиард сўм ажратилган.
[gallery-17635]
Анжуман якунида бир гуруҳ хотин-қизларга маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ҳоким ёрдамчиларининг тавсияси билан субсидия асосида тикув машиналари топширилди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА мухбирлари