Бизнес – клиника: йил сарҳисоби
«СOVID-19» пандемияси билан боғлиқ чекловлар барча бизнес соҳаларига таъсир қилди. Аксарият тадбиркорлар ижара ҳақи, иш ҳақи, кредитлар билан боғлиқ турли хил муаммоларга дуч келди.
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовларни бекор қилиш юзасидан кўрилган чоралар натижасида ишбилармонлик муҳити яхшиланди. Тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди.
Бундай ижобий ўзгаришлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жумладан, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан эълон қилинган «Бизнес юритиш – 2020» ҳисоботида Ўзбекистон 69-ўринни эгаллаб, ислоҳотлар миқёси ва самарадорлиги бўйича дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлати қаторидан жой олди.
Шу билан бирга, тадбиркорлар ва инвесторлар билан учрашувлар жойлардаги ижрочилар соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятидан тўлиқ хабардор эмаслигини, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётга жорий этилиши сезиларли даражада ортда қолаётганлигини, айрим лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштиришда ортиқча бюрократик тўсиқлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Мамлакатимизда бизнес юритиш муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорликка кенг эркинлик бериш борасида бошланган ислоҳотларни давом эттириш ҳамда қабул қилинган қонун ҳужжатларининг жойларда тўғри татбиқ этилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури ва Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Бизнес-клиника” ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларнинг соҳага оид фармон ва қарорлар, меъёрий ҳужжатлардан хабардорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этаётир.
Ўтган 2020 йилнинг май ойида бошланган мазкур лойиҳа доирасида доимий равишда қонунчилик ва бизнес юритиш билан боғлиқ турли хил веб-семинарлар ўтказилмоқда. Телеграм каналида қонунчиликдаги ўзгаришлар тўғрисидаги инфографикалар, вебинарларнинг видеотасвирлари, «Саволлар ва жавоблар», «Биласизми?» рубрикаларида материаллар ва бошқа фойдали маълумотлар берилмоқда.
Клиниканинг колл-маркази ходимлари томонидан ўтган йилнинг 1-майидан 31-декабригача 3 минг 300 дан ортиқ қўнғироқлар қабул қилиниб маслаҳатчиларга юборилган. Қўнғироқларнинг аксарияти Тошкент шаҳридан келиб тушган. Аксарият тадбиркорлар юридик маслаҳатлар (1242) ва кредит олиш (721) масалалари бўйича маслаҳат беришни сўраган.
Йил давомида ўтказилган жами 60 дан ортиқ вебинарларда маърузачи сифатида нафақат Бизнес-клиника маслаҳатчилари, балки таниқли тадбиркорлар ҳам иштирок этишди. Обуначилар учун қулайлик тариқасида Бизнес-клиника ташаббуси доирасида ўтказилган вебинарлар видеотасвирларини махсус ютуб-каналда жойлаштириб келмоқдамиз. Клиника хизматидан фойдаланган тадбиркорлар жуда мамнун.
Гавхар Жуманова, «Даритал шоэс» МЧЖ, Хоразм вилояти: бизнес-клиниканинг менга ёққан тарафларидан бири бу – тезкорлик билан маърузачи-мутахассис ўз жойида саволларга жавоб бериб, тўғри йўналишлар беришидир. Фойдаланилмаётган иншоотлар учун тўланмаган ижара ҳақи ва ҚҚСни қайтариш билан боғлиқ муаммолар юзага келган эди. Шу бўйича бизнес-клиника колл-марказига қўнгироқ қилдим. Бизнес-клиника мутахассислари мутлақо бепул ёрдам беришди.
Асаджон Нормуродов, «Диёрмегатранс» МЧЖ, Жиззах вилояти: вебинарлардан бирида қурилиш соҳасидаги ишчиларни бепул овқатлантиришга оид солиқлар бўйича мени қизиқтирган савол билан мурожаат этган эдим. Қойил қолган тарафим, тезкорлик билан маърузачи саволимга жавоб бериб, шу мавзуда керакли тушунтиришларни берди
Бахтиёр Шокиров, хусусий тадбиркор, Андижон вилояти: колл-марказга мурожаат этган кунимни ўзидаёқ мен билан лойиҳа мутахассиси боғланиб, барча масалаларимга ойдинлик киритиб берди. Қоларверса керакли ҳужжатларни тақдим этиб, кимга мурожаат этсам, масалам ҳал бўлишини тушунтириб берди.
Эслатиб ўтамиз, Бизнес-клиника фаолияти ҳақида батафсил маълумотни veb-sahifamizda ва telegram-kanalimizda топишингиз мумкин. Бизнес-клиника мутахассисларининг бепул маслаҳатларини олиш учун 1094 рақамли колл-марказига қўнғироқ қилиш лозим.
Бизнес-клиника ташаббуси Россия Федерацияси ва Япония ҳукуматлари молиявий кўмагида БМТТД ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг «Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш» қўшма лойиҳаси доирасида БМТТД ва Савдо-саноат палатаси томонидан амалга оширилмоқда.
БМТТД матбуот хизмати