Бизга сифатли ва равон йўллар керак
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Фарғона вилоятида ҳам кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Айни жарёнда инфратузилма хизматлари – электр ва табиий газ таъминоти барқарорлигига эришиш, ичимлик сув таъминотини яхшилаш, ички ва халқаро миқёсдаги йўлларни замонавий мезонлар асосида таъмирлаш устувор аҳамиятга эга бўлмоқда.
Биргина 2022 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида 38 та маҳалла фуқаролар йиғинида 427,8 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилди. Дастурлар доирасида 1 минг 315 та объектларда қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди. Аҳолининг йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолари ўз ечимини топди. Шу каби ишлар натижасида вилоят марказидан тортиб, энг чекка ва олис ҳудудларда ҳам аҳоли фаровонлигига хизмат қилувчи ҳаётбахш дастурлар амалга оширилмоқда. Шаҳар ва туманларнинг меъморий қиёфаси, инфратузилма хизматлари фаолияти шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари асосида янгиланиб бораётир. Аслида бу каби янгиланиш ва ўзгаришлардан кўзланган мақсад, энг аввало, халқимиз ислоҳотлар самарасини оиласи ва яшаб турган маҳалласи мисолида ҳис этиб, ўз ҳаёти ва фарзандлари тақдиридан рози бўлиб яшашига қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Фарғона шаҳар “Совурбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида масъул мутасаддилар иштирокида ўтказилган семинарда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бу борада соҳа мутасаддилари олдида турган энг муҳим устувор вазифаларга тўхталди. Таъкидлаб ўтилганидек, 2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган дастурлар доирасида вилоятдаги 374 та маҳаллаларда 1193,4 километр узунликдаги йўллар таъмирланиши режалаштирилган бўлиб, ўтган йилга нисбатан 3 баробарга ошган. Аммо эзгу ташаббусларни рўёбга чиқариш жараёнида баъзи ҳолларда қурилиш-пудрат ташкилотларининг масъулиятсизлиги ҳамда белгиланган юмушларни сифатсиз бажариши ортидан халқнинг норози бўлиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Таҳлил ва танқид руҳида ўтган мулоқот давомида бу йилдан бошлаб тендер савдолари тўлиқ шаффоф тарзда ўтказилиб, қурилиш ишлари сифати устидан қатъий жамоатчилик назорати ўрнатилиши таъкидланди. Ўз навбатида ҳар бир қурилиш сифатли, белгиланган меъёр ва қоидалар асосида тўлақонли бажарилиши лозимлиги қайд этилди.

Юзма-юз суҳбатда ҳар бир пудратчига берилган маблағлар тўғри йўналтирилиши назоратга олиниши таъкидланиб, 2022 йилнинг декабрь ойида ўтказилган тендер савдоларида ғолиб бўлган қурувчи-пудратчилар томонидан олиб борилган ишлар сустлиги танқид қилинди. Ҳар бир қурувчи зиммасига ўз фаолиятида ҳалоллик, инсоф ва адолат тамойилларига қатъий риоя этиши бўйича аниқ вазифалар юкланди.
М.Сулаймонов,
ЎзА