Ислом дини дунёга тарқала бошлаган даврлардан бошлаб, то шу кунгача масжидлар тузилиши ўзгариб, тараққий этиб борди. Бу, аввало, маҳаллий шароит, иқлим, урф-одатлар, қурилиш услублари, қурилиш ашёларида намоён бўлди. Ўрта Осиёда биринчи масжид милодий 713 йилда араб саркардаси Қутайба ибн Муслим томонидан Бухорода, Самарқандда эса ҳозирги “Ҳазрати Хизр” масжиди ўрнида қурилган эди. Деярли бир ярим минг йил ичида дунёнинг турли чеккаларида ўзига хос, маҳаллий иқлим ва қурилиш услублари, анъаналари асосида масжидлар меъморчилиги юзага келиб, бугунги кунда ҳам тараққий этиб бормоқда.
Ўрта Осиё масжидлари типи ҳовли ва тўртбурчак ёки квадрат шаклдаги хонақодан иборат бўлиб, хонақо ўртасида саккиз қиррали таянчга эга гумбазлар бунёд этилган, ҳовли атрофларида ёки хонақога кираверишда айвонлар қурилган. Баъзан ҳовли ўртасида ҳовуз ҳам бўлган. Асосан масжид олдига битта минора қурилган.
Юртимизда Чингизхон босқини ва яқин ўтмишдаги даҳрийлик замонида масжидлар қурилиши бир оз тўхтаб қолган.
Мамлактимиз мустақилликка эришгач, виждон эркинлиги тамойилларига эътибор кучайиб, одамлар эмин-эркин диний ибодатларни амалга оширадиган бўлишди. Натижада пойтахтимиз ва мамлакатимизнинг бошқа шаҳарлари, вилоят марказлари ва қишлоқларида масжидлар қурилиши бошланди. Минг афсуски, 70 йиллик даҳрийлик даврида юртимизда масжидларнинг қурилиши тўхтаб қолган эди. Масжидлар қуриш технологиясининг, тадрижий (эволюцион) шаклланишининг узилиб қолиши, мавжуд бўлган қурилиш услубининг деярли йўқолиб бўлгани янги масжидлар қурилишидаги камчиликларни юзага чиқарди. Шошма-шошарлик билан қурилган масжидлар, ҳеч қандай функцияни бажармайдиган, декорациясифат, ўйинчоқ миноралар ва гумбазлар, туникадан кесиб қўйилган қуббалар қуриш авж олди.
Шунингдек, айримларини ҳисобга олмаганда кейинги 20-30 йилда лойиҳа асосида қурилган ва қурилаётган янги масжидларни ҳам Ўрта Осиё меъморчилик мактабига мос дея айта олмаймиз. Бунга мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бизда негадир масжид деганда кўпроқ Яқин Шарқ – араб масжидларни кўз олдиларига келтиришади. Аслида турли иқлимларда масжидлар қуришда ўша юртнинг маданияти, қурилиш ашёлари ҳамда миллий меъморчилик услуби ва иқлимидан келиб чиқилган. Мисол учун, Хитойда қурилган масжидларда хитой меъморчилиги элементларини, Волгабўйида маҳаллий анъана, шакл ва услубдаги масжидларни кўриш мумкин. Биз эса, асосан, араб меъморчилигига тақлид қилиб, қўша-қўша мезанали масжидлар қурмоқдамиз. Яна, шунингдек биринчи галда миллий, маҳаллий меъморчилик анъаналарига риоя этган ҳолда масжиднинг шакл – шамойилини, кўринишини тартибга солиш ўрнига негадир уни тўйхоналарга ўхшаб бўрттириб безатишга, зийнатлашга ва тилларанг нақшлар солишга берилиб кетганмиз.
Масжид бу, аввало, ибодатхона, яратганга юзланадиган муқаддас ва пок маскан. Қолаверса, бу ўша халқнинг асрлар давомида шаклланиб, сайқал топган меъморчилик анъаналари, ўзига хос услублари мужассам ёдгорлик ҳисобланади. Дунёнинг айрим мамлакатларидаги баъзи бир масжидлар бугунги кунда ноёб меъморчилик обидаси сифатида бутунжаҳон маданий мероси сифатида муҳофаза қилинади. Уларни кўргани бутун дунёдан ҳар йили миллионлаб саёҳатчилар ва зиёратчилар ташриф буюради. Бу эса, ўз навбатида, ўша мамлакатга катта маблағ келтириб, аҳолининг иқтисодий манфаатларига хизмат қилади.
Жумладан, турли даврларда қурилган Туркиядаги “Аё София” масжиди, Мадинадаги “Абу Бакр Сиддиқ” масжиди, БААдаги “Шайх Зайд” масжиди, Эрондаги (Исфахон) “Имом” масжиди, Қатардаги “Ислом факультети ва масжиди” биноси, Деҳлидаги “Жомеъ” масжид ва Исломободдаги (Покистон) “Шоҳ Файсал” масжиди ва бошқалар. Шунингдек, юртимизда ҳам ЮНЕСКО бутунжаҳон мероси рўйхатидан жой олган Бухородаги Калон масжиди, Самарқанддаги “Бибихоним масжиди”, Хивадаги “Жума масжиди” ва бошқалар ҳам ўзига хос бетакрор меъморчилик обидалари саналади.

Ўрта Осиё меъморчилик услуби ҳам ўз навбатида кўплаб мактабларга бўлинади. Булар: Бухоро – Самарқанд, Хоразм–Қорақалпоғистон, Тошкент–Фарғона водийси, Қашқадарё – Сурхондарё мактаблари. Биргина Тошкент мактабининг ўзида турли даврларда турлича услубларни кузатиш мумкин. Бу услублар бинонинг ҳажмида, қурилиш технологиясида, элементларида ва ҳатто ғиштларнинг ўлчамларида намоён бўлади. Умуман олганда, Тошкент воҳаси сейсмик зонада жойлашгани сабаб масжидлар, диний иншоотлар асосан минорасиз, минора қурилса ҳам унча баланд бўлмаган ҳолда қурилган. Шунингдек, бошқа шаҳарлардан фарқли ўлароқ зеб-зийнатларга, кошинлар билан қоплашга катта аҳамият берилмаган, нисбатан сипороқ қурилган. Гумбазлар зангори кошин билан қопланмаган. Асосан ғиштнинг ўзи табиий равишда қолдирилган. Интерьер ва айвон қисмида ўймакор тўсин ва устунлардан кенг фойдаланилган. Тошкент шаҳрида асосан бир нечта миноралар ёки унга ўхшаш элемент-гулдаста сақланиб қолган. Жумладан, XIX асрга тааллуқли Эски шаҳар қисмидаги “Кўк масжид”, ХХ аср бошидаги “Тиллашайх” масжиди, Баланд масжид минорасини кўриш мумкин.
Лекин меъмор ота-боболаримиз одатда Яқин Шарқ, хусусан, араб меъморчилигига тақлид қилмаганлар, жумладан, масжидлар тархини (планини) ишлашда, безакларда, минора қурилишида уларга эргашмаганлар. Биламизки, араб Яқин Шарқи – Саудия Арабистони, Сурия, Ироқ, Иорданияда ва мағирибида (Шимолий Африка) – Миср, Ливия, Тунис, Жазоир, Марокаш каби мамлакатларда қўша-қўша мезанали миноралар қурилган. Бу ўша юртлар меъморлари топилмаси услуби ҳисобланади. Бу услуб асрлар давомида ривожланиб бугунги кўринишга келган. Олимларнинг тахминига кўра, дастлаб қадимги Месопотамия (Ҳозирги Ироқ ҳудуди) зиккурат (ибодатхона)лари, устма-уст қурилган тўғри тўртбурчак ёки спиралсимон қурилмалар кейинчалик қисқариб, ихчамлашиб минораларга айлана бошлади. Бир сўз билан айтганда, миноралар шаҳар миқёсидаги жомеъ масжидларнинг ажралмас қисми – меъморий элементи, шакли ва безаги ҳисобланади. Шунингдек, унда ўша юртнинг миллий меъморчилик анъаналари акс этган бўлади.
Бугунги кундаги қурилиш технологиясининг тараққий этгани катта ҳажмда, баланд ва кўп қаватли иморатлар қуриш имконини бермоқда. Тараққий этган мамалакатларда бугунги энг сўнгги урфдаги – пост модерн, хайтек услубида юксак дид билан масжидлар қурилмоқда. Бунга ёрқин мисол қилиб Исломободдаги (Покистон) “Қирол Файсал” масжидини, Доха (Қатар)даги “Ислом факультети ва масжиди”ни, Остонадаги “Хазрат Султон” жомеъ масжиди, Аргундаги (Чеченистон) “Аймани Қодирова” номидаги масжид ва бошқалар ультра замонавий тарзда бунёд этилган.

Биз ХХI асрда яшаяпмиз, бироқ негадир масжид қуришда ўрта асрлар мезонларидан, схемасидан чиқиб кета олмаяпмиз. Бу ҳам майли, асрлар мобайнида шаклланган Ўрта Осиё мактабини янги мақомга олиб чиқиш ва ўз миллий меъморчилигимизга таянган ҳолда янги замонавий обидалар бунёд этиш ўрнига негадир мағриб-араб меъморчилиги, хусусан, ўтмишдаги Арабистон масжидларига тақлид кучайган.
Бунга сабаб биринчи галда ўтган асрнинг 20-йилларидан юртимизда масжид қуриш жараёнининг мафкуравий асосга кўра тўхтатилгани бўлса, иккинчидан илмий асоснинг йўқолиб кетаётгани бўлса керак.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги 846-сон қарори билан тасдиқланган маданий мерос миллий рўйхатида бугунги кунда Тошкент шаҳрида 354та объект мавжуд. Бу рўйхатда энг кўп маданий мерос объектлари Тошкент шаҳрининг “Эски шаҳар” қисмида – Олмазор ва Шайхонтоҳур тумаларида жойлашган. Мисол учун юқорида келтирилган Тошкент шаҳрида минораси бизнинг кунимизгача сақланиб қолган “Баланд” масжиди, “Кўк масжид”, “Тиллашайх” ва “Уккоша” масжидлари ёки яқин ўтмишда бошқа бузиб ташланган масжидларнинг фотосуратлари мавжуд. Ана шу минораларни илмий жиҳатдан ўрганиш, уларнинг кўринишларини замонавийлаштириб, янги масжидларда қўллаш бу, аввало, ўтмиш меросимизга ҳурмат, қолаверса, бой меъморчилигимиз маданиятини замонавий даражада талқин этишга хизмат қилади.
Масжид шунчаки ибодат жойи бўлмай, балки ўша юрт меъморчилиги анъаналарини ва ютуқларини ўзида акс эттириб, меъморий обида сифатида яқин узоқлардан сайёҳларни ўзига жалб этадиган зиёрат объектига айланиши ва юртимизга катта даромад келтириши мумкин. Мисол учун бир америкалик, япониялик ёки европалик сайёҳлар араб меъморчилиги обидаларини кўргиси келса, албатта араб мамлакатларига ташриф буюради. Юртимизга эса асрлар давомида ота-боболаримизнинг юксак истеъдоди, маҳорати ва диди билан шаклланган бетакрор ўзбек меъморчилиги обидалари ҳамда уларнинг замонавий талқинини кўриш истагида келишади! Биз уларга ўзгаларга тақлид қилинган ёки ўрта асрлар меъморчилигидан нусха олинган биноларни, кўрсатамизми?
Таклифимиз – халқимизда барҳаёт мақол бор: “Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин”. Масжид қурилишига масъул идоралар ўз лойиҳаларини нуфузли мутахассислар – Ўрта Осиё меъморчилиги тарихини илмий асосда ўрганган, яхши биладиган олимлар, архитекторлар, санъатшунослар кўригидан ўтказса, улар билан бамаслаҳат иш кўрса, мақсадга мувофиқ иш бўлар эди. Шу йўл билан ўзбек меъморчилик мактабини миллий эстетик мезонларимиз асосида жаҳон даражасига олиб чиқишга ҳаракат қилишимиз керак.
Ҳозирги глобаллашув, маданиятлар уйғунлашуви даврида халқларнинг ўзлигини, ўзига хос маданиятини ва миллий анъаналарини сақлаб қолиш, уларни келгуси авлодга мерос қилиб қолдириш муҳим аҳамият касб этади.
Шавкат МУЗАФФАР,
меъмор ва рассом
Таҳририят фикри муаллиф фикридан фарқ қилиши мумкин.