Биз яратган боғ
Наманган вилояти ҳудудининг 44 фоизини ташкил қилувчи Поп тумани ландшафти баланд тоғлардан Сирдарё ўзанларига қадар паст-баландликлардан иборат. Бу эса ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг хилма-хиллиги билан аҳамиятлидир.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Поп туманида олиб борилаётган ишларда иқлимга мос ва аҳолига манфаатли бўлган ниҳоллар экилишига аҳамият қаратилмоқда.

Лойиҳага асосан туманнинг “Хазратибоб” массивида ҳашар ташкил этилди. Унда вилоят Нуронийлар жамоатчилик кенгаши, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан бир қаторда туман ҳокимлиги, халқ депутатлари туман Кенгаши аъзолари, маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, Ёшлар ишлари агентлиги, ободонлаштириш корхонаси вакиллари иштирок этди.

Акция доирасида, ажратилган ҳудудда павлония, ясин, заранг, қарағай, терак билан бир қаторда олма ва бодом каби 5000 тупдан ортиқ мевали ва манзарали кўчатлар экилди. Эътиборлиси, янги ниҳоллар “Yashilmakon.eco” электрон платформасига киритилиб, суғориш ва парваришлаш учун масъуллар бириктирилди.

– Ота-боболаримизнинг яхши бир анъанаси бор. Оилада чақалоқ туғилганда унга атаб ниҳоллар экилган. Гўдакни вояга етказиш билан бирга ниҳолни ҳам парвариш қилишган. Фарзанд катта бўлгунча мевали ниҳол мева берган, экилган тераклар қурилиш материалига яраган. Бугунги кунда амалга оширилаётган “Яшил макон” лойиҳаси ҳам асосан келажак авлод учун, уларнинг саломатлиги учун, уларга соф табиатни қолдириш учун ташкил қилинган, – дейди Поп тумани ҳокими Аъзамжон Султонов. – Энди биз шу анъанани давом эттиришимизнинг аҳамияти катта. Поп тумани вилоят ҳудудининг деярли ярмини ташкил қилади. Бу ўз навбатида, “Яшил макон” лойиҳасини амалга ошириш учун энг қулай ҳудуд ҳисобланади. Муҳими, экилаётган ниҳолларни парвариш қилишимиз лозим.

Маълумот ўрнида, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумида Поп тумани бўйича 552 минг дона манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчалари экиш режалаштирилган. Бунда асосий эътибор бўш турган ер майдонлари, автомобиль йўллари четлари, ташкилот, корхона ва муассасалар ҳудудлари, маҳаллалар ички кўчалари, аҳоли хонадонларига қаратилмоқда. Кўчатларнинг тумани иқлимига мос навлари Ибн Сино ўрмон хўжалигида етиштирилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА