Биз сиз билан биргамиз!
Меҳр-мурувватли ва бағрикенг халқимиз азал-азалдан ёрдамга муҳтож, имконияти чекланган инсонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишни жамиятда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган энг муҳим қадриятлардан бири сифатида эъзозлаб келади.
Ана шундай эзгу анъаналаримизни давом эттирган ҳолда, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори Иномжон Мажидов бошчилигидаги Ижтимоий фанлар ва Журналистика факультетлари мутахассилари имконияти чекланган болалар ҳолидан хабар олди.
Ногиронлиги бор фуқароларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, улар кўнглига қувонч олиб кириш мақсадида ташриф буюрилган Чирчиқ шаҳар Халқ таълими бўлими тасарруфидаги имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган 23-сонли ёрдамчи мактаб ўқувчилари кўнгли шод бўлди.

Учрашув чоғида Ўзбекистон Миллий университети ректори И.Мажидов имконияти чекланган болалар билан дилдан суҳбат қуриб, уларнинг ўй-ҳаёллари билан ўртоқлашди. Имконияти чекланган ўқувчиларнинг ижтимоий мослашув жараёнини такомиллаштириш, уларга психологик ёндашувнинг янги методларини ишлаб чиқиш, анализаторлар, таянч-ҳаракат тизими, уларнинг когнитив фаолиятининг бузилиши ва бузилган фазилатларни яхшилашга қаратилган қўшимча таълим мазмунини ривожлантириш илмий-тадқиқотларини олиб боришга доир вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, мактабда мавжуд шароит ва имкониятлар кўздан кечирилди. Сўнг, тарбияланувчи меҳрга муҳтож қалбли ўқувчилар ўзларининг истеъдодларини кўрсатиш мақсадида кичик бадиий чиқишларини намойиш этдилар. Болаларнинг юзига кулгу ҳамда кўнглига қувонч олиб кириш мақсадида эсдалик совғалар улашилди. Уларнинг миннатдор нигоҳлари барчанинг кўнглига хуш кайфият ва хурсандчилик улашди.
Биз билан бир сафда меҳнат қилаётган имконияти чекланган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини қадрлаш, ғамхўрлик кўрсатиш, биз билан тенг ҳуқуқлилигини унутмаслигимиз, қадр-қимматини ҳимоя қилишимиз даркор. Зеро, инсон борки, меҳрга, эътиборга эҳтиёж сезади. Кимнингдир кўнглини кўтариш, ҳолидан хабар олиш асл инсонийликдандир.
Файзулло Яҳёев,
ЎзА