Мамлакатимизнинг уч қўшни давлат билан чегарадош Сурхондарё вилояти мустақиллик йиллари қиёфасини тубдан ўзгартириб, ҳар тарафлама юксалишга юз тутди. Аграр ҳудуд бўлган воҳа замонавий саноат, қурилиш, хизматлар кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги каби тармоқлар ривожланган вилоятга айланди.
Тадбиркорликнинг кенг йўлга қўйилгани аҳоли турмуш даражасини ошириб, янгилик яратишга муносабатини, одамларнинг жамиятда содир бўлаётган ўзгаришларга қарашини тубдан ўзгартирди. Мустабид тузум даврида Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари аҳолиси учун ҳам ёпиқ ҳудуд бўлган вилоят маркази –Термиз шаҳри истиқлол шарофати билан нафақат, маҳаллий аҳоли балки, дунё халқларини ўз бағрига чорлай бошлади.
Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида ЎзА мухбири Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов билан воҳада юз берган ўзгариш ва янгиланишлар, келгуси режалар ҳақида суҳбатлашди.
–Тўра Абдиевич, суҳбатимизни мустақилликнинг бир пайтлар аграр вилоят сифатида танилган Сурхон воҳасини иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришдаги ўрни ҳақидаги мавзу билан бошласак.
–Бу тўғрисида сўз юритишдан аввал айтишим керакки, мустақиллик биз учун энг буюк неъмат – озодлик, эркинлик берди. Нафақат, энг қолоқ тармоқлардан бири бўлган саноатимизни юксалтирди балки, одамларнинг онгу-шуурини ҳам тубдан ўзгартирди. Айниқса, мамлакатимизда сўнгги йилларда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар инсон ҳуқуқларини, демократик жамиятнинг муҳим устуни бўлган сўз ва фикрлаш эркинлигини том маънода мустаҳкамлади. Ўз сўзини эмин-эркин ифода этиш инсон ҳуқуқининг ажралмас қисмига айланди. Узоққа бормайлик: Бундан беш-олти йил аввал халқимиз бугун гапирилаётган ёки ижтимоий тармоқларда сиздирилаётган фикрларни айтишга журъат эта олармиди? Йўқ, албатта! Чунки, жамиятдаги у ёки бу қусурни гапиришга чоғланган кишининг оғзи бекитиб қўйилишидан ҳадиксираш бор эди. Мана, эндиликда вилоят раҳбарлари ва бошқа мутасаддилар ҳам ижтимоий тармоқларда асосли-асоссиз танқидларга учрамоқда. Ҳаттоки, шахсига ўринли-ўринсиз фикрлар билдирилмоқда. Майли, бу танқид ва иддаоларнинг асосли ёки асоссиз экани бошқа бир масала. Лекин, қувонарли жиҳати шундаки, бугун жамиятда инсон қадри улуғланиб, у истиқлол берган ширин неъмат яъни, ҳуррият ҳиссини туйиб яшамоқда.
Иккинчидан, бундан беш-олти йил аввал ҳам одамлар кичкина юмушини бажариш ёки арзимас масаласини ҳал этиш учун раҳбарлар эшиги олдида сарғайиб турганини ҳеч ким унутмаган бўлса керак, ҳали. Эндиликда–чи? Вазирлар, ҳокимлар ва бошқа раҳбарлар юрт кезиб, узоқ ҳудудларда ҳам очиқ мулоқотлар ўтказмоқда. Одамлар эшиги остонасига бориб, муаммоларини сўрамоқда. Аҳолининг дард-у ташвишини тинглаб, уларни ечиб бермоқда. Дунё турли нотинчликларга дуч келаётган, айрим давтатлардаги табиий офатлар турли ҳавотирларни юзага келтираётган таҳликали ҳозирги замонда тинч, тўкин ҳаёт учун шукрона айтиб, мамлакатимиз тараққиётига дахлдорлик ҳисси билан яшашимиз керак.
Энди бевосита саволингизга ўтадиган бўлсак, вилоятда 2017 йилга нисбатан 2021 йил ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2,3 баробарга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2,9, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 3,8 қурилиш ишлари ҳажми 3,3, чакана савдо айланмаси 2,1 ва хизматлар ҳажми 2,3 баробарга ошди.
2017 йил воҳада 1 минг 743 саноат корхонаси фаолият юритган бўлса, 2021 йил якунида 4 минг 952 тани ташкил этди. Уларда иш билан банд бўлганлар сони 19 минг 800 дан 33 минг 200 кишига ошди. Саноат маҳсулотлари ҳажми 2017 йилдаги 2,3 триллион сўмдан 2021 йил якунида 6,8 триллион сўмга етди. Шу даврда жами саноатда енгилсаноат улуши 27,5 фоиздан 39,5 фоизга. қурилиш материаллари саноати 8,6 фоиздан 9,1 фоизга, энергетика саноати 3,6 фоиздан 5,5 фоизга ўсди.
Ўтган тузимда вилоятимиз аграр ҳудуд сифатида пахта етиштирган бўлса-да, афсуски, уни арзимаган маблағ эвазига хом ашё сифатида бошқа шаҳарлардаги корхоналарга жўнатилди. Ўзингиз биласиз, тайёр маҳсулотга нисбатан хом ашё нархи анча арзон бўлади. Албатта, бу ҳол вилоят иқтисодиётини юксалтиришни орқага тортиб келди. Масалан, 2017 йил вилоятда пахта толасини қайта ишлаш даражаси атиги 11 фоизни ташкил этган. Сўнгги йилларда бу йўналиш вилоятнинг “драйвери” сифатида танлаб олиниб, хом ашёни қайта ишлашга эътибор кучайтирилгани кўплаб янги қувватларни ишга тушириш имкониятини яратди. Ўтган йил якунида пахта толасини 100 фоиз ўзимизда қайта ишлай бошладик. Жумладан, Сариосиё туманида қуввати 7 минг тонналик “Сурхон сифат текстиль” масъулияти чекланган жамияти, Деновда 6,3 минг тонна қувватга эга “Шашмахкашоб”, Шерободда 14 минг тонна пахта хом ашёсини қайта ишлаб, калава-ип оладиган “Шерободтекстилинвест” масъулияти чекланган жамиятлари, Термиз шаҳрида 7 минг тонна пахта толасидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарадиган "Амудартекс" қўшма корхонаси ташкил этилди. Жарқўрғон туманидаги “Сурхон текс” ва “Нортекстайл” корхоналари модернизация қилиниб, қуввати 4 минг тоннага оширилди Бунинг натижасида енгилсаноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилдаги 637 миллиард сўмдан ўтган йил якуни билан 2,5 триллион сўмга ошди. Тармоқда янги қувватларни ташкил этиш ҳисобига қўшимча 175 миллиард сўмлик солиқ тушуми манбаи яратилди, Экспорт ҳажми 12 миллион доллардан 73 миллион долларга ошди. Иш билан банд бўлган аҳоли сони 5 минг 625 нафардан 13 минг 545 нафарга кўпайди.
–Вилоят мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришда ҳам етакчи ўринда туради. Бу маҳсулотларни қайта ишлаш йўналишида ўзгариш борми? Ёки ҳамон маҳаллий бозордан ортиқ қисмини хорижга экспорт қилиш билан чекланилаяптими?
–Вилоятда катта ҳажмда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилиши ҳисобга олиниб, кейинги йилларда уни қайта ишлашга эътибор кучайтирилди. Хусусан, бугун Шеробод туманидаги замонавий корхонада қайта ишланиб, тайёрланаётган табиий анор шарбати, Олтинсой тумани узумидан ишлаб чиқарилаётган вино маҳсулотлари дунёнинг қатор давлатларига экспорт қилинмоқда. Шу туманда Канада давлати билан ҳамкорликда ишга туширилган лойиҳа қиймати 8,5 миллион долларлик “Бест-Вег” қўшма корхонасида мева-сабзавот маҳсулотлари қайта ишланмоқда. Қумқўрғон туманида “Агропросессинг Гроуп”, Музработ туманидаги “Био Агро Амударё” масъулияти чекланган жамиятларида йилига 100 минг тоннагача томат пастаси ва кетчуп ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Шунингдек, табиий озиқ-овқат маҳсулотларига жаҳонда эҳтиёж ортиб бораётган ҳозирги даврда ички бозордан ортиқ қисми хорижга экспорт қилинмоқда. Биргина шу йилнинг етти ойида 58,2 миллион долларлик сархил узум, мева-сабзавот хорижга жўнатилди.
–Яқин йилларда ҳам воҳага хорижий сармоя киритилмаётгани ҳақида гап кетса, қўшни давлатлардаги нотинчлик рўкач қилиб кўрсатилар эди. Сўнгги йилларда вилоятга чегарадош давлатлар билан қўшничилик алоқаларимиз тубдан яхшиланди. Азалий муносабатларимиз қайта тикланди. Эндиликда чет эл инвестициясини жалб этишда аҳвол қандай?
–Халқимизда “Қўшнинг тинч–сен тинч”, деган пурмаъно гап бор. Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан қўшни Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масалалари дунё минбарларига олиб чиқилди. Афғонистон ва Тожикистон билан алоқаларимиз янги босқичда ривожлантирилди. Энг муҳими хорижлик инвесторлар учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилиб, қатор янги имтиёзлар берилди. Қисқа даврда амалга оширилган бу ишлар вилоятда қандай ўзгаришлар ясади? Агар рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, 2018 йил инвестиция дастури доирасида воҳада 91,1 миллион долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилган бўлса, ўтган йил якунида 243,7 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва хорижий кредитлар жалб этилди. Ёки чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар сони 2018 йилга нисбатан 4 баробарга ошиб, 609 тага етди. Бу корхоналарнинг 37 таси шу йилнинг биринчи ярмида ташкил этилди.
- Воҳа саноатини ривожлантиришда хусусий бизнеснинг ўрни қандай бўлмоқда?
–Биз ўз давлатчилик асосларига эга, ўтмиши бой, миллий қадриятлари улуғ, ишбилармон миллатмиз. Сўнгги йилларда мустақиллик шарофати билан аждодларимизнинг ана шундай буюк анъаналари қайта тиклангани обод, фаровон Янги Ўзбекистонни барпо этишда муҳим ўрин тутмоқда. Бундай юксак фазилатларимиз барча соҳалар қатори хусусий бизнесда ҳам ўз ифодасини топиб, янги-янги корхоналар барпо этилаяпти. Мисол учун, сўнгги беш йилда Термиз шаҳри ва Музработ туманида ёввойи қамишдан 165 минг метр-куб қириндили плиталар ишлаб чиқарадиган иккита лойиҳа амалга оширилди.
Жарқўрғонда “Жасур Агромаш Сервис МТП” масъулияти чекланган жамияти 5 миллион метр-квадрат бўлган гипсакартон ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга туширди. Ҳозир бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг бир қисми қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда. “Бойсун Керамзит Инвест” масъулияти чекланган жамиятининг қуввати 90 минг метр-куб бўлган керамзит ишлаб чиқариш, “Сурхон Керамикс” масъулияти чекланган жамиятининг Термиз туманидаги қуввати 3 миллион донага тенг кафель, мозаика ва ўтга бардошли керамик ғиштлар ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳам кейинги йилларда тадбиркорларни рағбатлантиришга қаратилган эътибор самарасидир.
Вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш учун ўтган уч йилда қиймати 7,9 триллион сўмлик 2 минг 284 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 21 минг 900 янги иш ўрни яратилди. 71 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилиб, қўшимча 96 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш, бюджетга 300 миллирад сўмлик қўшимча тушум тушиш имконияти пайдо бўлди. 30 дан ортиқ янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2018 йил вилоятда 188 миллион долларлик 85 турдаги маҳсулот экспорт қилинган бўлса, 2021 йилда экспорт ҳажми 230,3 миллион долларга, маҳсулотлар сони 163 тага етди. Вилоятда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар 2018-2021 йилларда Финляндия, Руминия, Жазоир, Ливан, Индонезия ва Сурия каби давлатларга илк марта кириб борди.
Сурхондарё – ерости ва ерусти табиий бойликларига сероб ҳудуд. Қурилиш учун зарур кўплаб тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш мумкин. Бироқ, бу имкониятлардан оқилона фойдаланилмагани сабабли ўзимизда цементнинг катта захиралари бўла туриб, бу турдаги материални четдан олиб келаётган эдик. Ёки қурилиш учун зарур гранит, ДСП, ДВП каби материаллар ҳам четдан келтирилар эди. Давлатимиз раҳбарининг ер ости бойликларидан оқилона фойдаланишга қаратган эътиборлари туфайли бугун бу турдаги қурилиш материалларининг барчаси воҳада ишлаб чиқарилмоқда. Эҳтиёждан ортиқ материаллар хорижга экспорт қилинаётир.
Жорий йилнинг ўтган даврида ишга туширилган “Tермез Национал Карпетс" масъулияти чекланган жамиятининг қиймати 196,6 миллиард сўмлик гилам, "Индинум Текстил" масъулияти чекланган жамиятининг қиймати 126 миллард сўмлик кийим-кечак, “Алпомиш Инвест Сервис” хусусий корхонасининг қиймати 31,9 миллиард сўмлик йиллик қуввати 35 миллион дона бир марталик шприц ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилгани ҳам воҳа саноатининг янги босқичда юксалаётганига яққол мисолдир.
–Яқин ўтмишда ҳам Сурхондарё, деганда кўпчиликнинг кўз ўнгида баланд тоғлар қўйнидаги бепоён дала ва адирлар, пастқам уйлар, ҳаминқадар йўл ва кўчалар-у, ичимлик сув таъминоти, таълим, тиббиёт каби ижтимоий соҳалари ривожланишдан ортда қолган ҳудуд гавдаланар эди.
–Президентимиз белгилаб берган вазифалар доирасида бу йўналишларда катта янгиланишлар юз бераётгани билан халқимиз ҳар қанча фахрланса арзийди. Биласизми, бозор иқтисодиётининг бир қоидаси бор: қаерда саноат юксалса, ўша жойда одамларнинг турмуш даражаси ошиб, маданият ривожланади. Янада яхшироқ яшашга интилади. Табиийки, бу жараён барча қулайликларга эга уй-жойга талабни оширади. Шу боис бугун халқимизда пастқам уйларда эмас, замонавий шароитларга эга турар-жойларда яшаш иштиёқи кучайган. Турар-жойга муҳтож ёш оилаларни уй билан таъминлаш ҳам муҳим масала сифатида белгилаб олинган.Бу муаммони ҳал этиш учун 2017-2021 йилларда 7 минг 621 та оилага намунавий лойиҳалар асосида қурилган уй-жой топширилди. 570 та кўп қаватли уй-жой қуриб, берилди. Ваҳоланки, бундан беш йил аввал ҳеч биримиз вилоятда 7-9-12-14-16 қаватли уйлар қурилишини ҳаёлимизга келтиролмас эдик. Қисқа вақтда Термиз шаҳри ва Денов туманида ана шундай осмонўпар уйлар қад ростлаётгани ҳам айни ҳақиқатдир. Бунга биргина Денов тумани “Лочин” массивида 800 хонадонли 12 та 7, 9, 12, 14 ва 16 қаватли замонавий уй-жойлар қурилганини мисол келтириш мумкин.
Вилоятда 2019-2021 йилларда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастури доираисда 70 та қишлоқ ва маҳаллада 932 миллиард сўмлик қурилиш- ободонлаштириш ишлари амалга ошрилиб, 43 минг хонадон ёки 244 минг аҳолининг турмуш шароити яхшиланди.
Инвестиция дастури доирасида 861 миллиард 300 миллион сўм маблағ ҳисобига 55,3 километр автомобил йўли қайта реконструкция қилинди, тубдан таъмирланди.
Таълим, тиббиёт соҳалари халқимиз кутмаган ўзгаришларга юз тутди. Бу янгиланишлар нафақат мактабгача ва мактаб балки, олий таълимда ҳам кўзга яққол ташланди. Хусусан, 2016 йил вилоятда битта, 2018 йил 3 та олий таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, жорий йилда уларнинг сони олтитага етди. Энг муҳими халқимиз учун асрий орзу бўлган тиббиёт йўналишида олий маълумотли шифокорлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам инсон қадрини улуғлашга хизмат қилаётир. Соҳада хусусий секторни қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор давлат ва нодавлат тиббиёт муассасалари ўртасида ҳалол рақобатни шакллантирди. Бу ҳақда гап борар экан, масаланинг бир томонига эътибор қаратмоқчиман: буйрак, юрак касалликларига чалинган беморларимиз дардига шифо излаб, мамлакатимизнинг йирик шаҳарлари ва хорижда йирик маблағ эвазига жарроҳлик амалиётларини ўтказишга мажбур эди. Тиббиётда юз берган янгиланишлар мураккаб буйрак ва юрак нуқсонли беморларни шу ернинг ўзида жарроҳлик усули билан даволаш имкониятини яратди. Бу амалиёт кўплаб беморларнинг воҳадан олисда азият чекиб юришининг олдини олиб, ортиқча ҳаражатларга чек қўйди. Тиббиёт муассасаларининг замонавий асбоб-ускуна ва тиббий жамланмалар билан таъминлангани диагностик ва даволаниш амалиётлари сифатини янада оширди.
Яна бир масала: яқин йилларда ҳам мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш ҳеч кимнинг ҳаёлига келмас эди. Кейинги йилларда ташкил этилган “темир дафтар”, “аёллар ва ёшлар дафтар”лари турмушда қийналаётган юртдошларимизнинг қаддини тиклаб олишига кўмаклашаётгани эътиборга сазовар бўлмоқда. Шу мақсадда биргина шу йилнинг ўтган даврида махсус дафтарлар руйхатида турган фуқароларимизга қарийб 50 миллиард сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
–Саноатнинг ривожланиши ва аҳоли сонининг ўсиб бориши келажакда яна электр энергияси таъминотида муаммоларни юзага келтирмайдими? Ваҳоланки, бундан беш-олти йил аввал халқимизнинг электр энергиясини тежаш мақсадида амалга оширилган тез-тез узилишлардан жиддий азият чеккани ҳали ёдидидан кўтарилгани йўқ.
–Нима демоқчи бўлганингизни тушундим. Сизга айтсам, электр энергиясини тежаш илинжида истаган вақтида уч-тўрт соатга узиб, ёқишларга чек қўйилган мамлакатимизда энди ислоҳотлар ғилдираги орқага айланмайди. Давлатимиз раҳбари бу масаланинг ҳам ечимини топиб берган. Аслида вилоятимиз юқори энергетика саноати имкониятига эга ҳудуд экан. Аммо бу имкониятдан фойдаланилмаган. Борига шукр, йўғига қаноат қилиб келинган. Прездентимиз ғояси билан бу салоҳиятдан оқилона фойдаланиш учун Шеробод туманида қиймати 425 миллион долларлик йиллик қуввати 457 мегаватт бўлган фотоэлектр станцияси барпо этилмоқда. Станциянинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1,04 миллиард кВт/соатни ташкил этади. Бунинг натижасида йилига 340 миллион куб метр табиий газ тежалиб, 300 мингта хонадон электр энергияси билан таъминланади. Ангор туманида қурилаётган замонавий иссиқлик электр энергияси станциясининг лойиҳа қиймати 1 миллиард 200 миллион доллар бўлиб, 1 минг 560 мегаватт қувват яратилади. Йилига 12 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 1 миллиард куб метр табиий газ тежалади. Тўпаланг дарёсида янги кичик ГЭСлар қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш давом этмоқда.
–Халқ билан очиқ мулоқотларингизда тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар тез-тез ўртага ташлаб турилади. Бу масала ҳам ечимини топаяптими?
–Тўғри, шифобахш булоқ ва тоғларидаги минералларга бой ичимлик суви мавжуд ҳудудда аҳолиининг тоза оби-ҳаёт билан таъминланиш даражасидан бизнинг ҳам кўнглимиз тўлмаётган эди. Президентимиз 2021 йил 1-2 июнь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида бу масаланининг ҳам ечими топилди. Шунга кўра, “Тўпаланг” сув омборидан 11 та туманни тоза ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Келгуси йил ишга тушириладиган бу лойиҳа қиймати 38 миллион долларни ташкил этади. 1 миллион 700 минг кишини сифатли ичимлик суви билан таъминлайди. Термиз туманидаги “Сабзипоя” сув манбаси ҳисобидан Термиз шаҳри ва Термиз тумани аҳолисининг ичимлик сув таъминоти яхшилаш учун 29 километр масофага тармоқ тортилмоқда. 62 минг аҳолига ичимлик суви етказиб берадиган мазкур лойиҳага 85 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Eвропа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида Шерорбод туманидаги “Оқтош” ва “Пошхурт” сув манбаси ҳисобидан Музработ туманининг ичимлик сув таъминоти яхшилаш лойиҳаси учун 60,4 миллион доллар ажратилмоқда. Унинг 50 миллион доллари Eвропа тикланиш ва тараққиёт банкининг кредит маблағидир. Мазкур лойиҳани бажариш учун 225 километр тармоқ ва 18 та иншоот қурилади. Бундан ташқари ўтган 3 йилда 1 минг 893 километр сув тармоғи қурилиб, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 42,7 фоиздан 58,6 фоизга етказилди. 471 минг аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланиб, 706 минг аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Жорий йил якуни билан бу кўрсаткич 60,8 фоизга етади.
Мавриди келганда айтишим керакки, бу каби ўзгаришларнинг барчаси истиқлол шарофати, кейинги йилларда амалга оширилаётган халқчил ислоҳотларнинг ёрқин самарасидир. Шу кунларда мустқиллигимизнинг 31 йиллик тўйи кўтаринки кайфиятда нишонланаётган воҳамизда йилни ёруғ юз билан якунлашга пуҳта ҳозирлик кўрилмоқда. Жумладан, янги йилгача Ангор туманида қиймати 175 миллиард сўмлик замонавий маиший хизмат кўрсатиш комплекси ишга туширилиб, 1 минг 400 янги иш ўрни яратилади. Энг илғор технологиялар ўрнатилган қиймати 15 миллион долларлик автомобиль ва мебель саноати учун чарм, аёллар сумкаси, хамён ва ремень (аёллар хамёни, барсетка) ишлаб чиқариш лойиҳаси фойдаланишга топширилади. "Осиё Дори" масъулияти чекланган жамиятининг қиймати 3,5 миллион доллар бўлган корхонасида йилига 60 миллион дона тиббиёт дори воситалари ва системалар ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Сариосиё туманида “Шарғун Гранд Шифер” қўшма корхонаси қиймати 40 миллион долларлик йилига 200 минг тонна цемент ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширади.
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида 78 миллиард 669 миллион сўмлик замонавий тиббий хизмат кўрсатадиган 300 ўринли “Тиббиёт кластери” га пойдевор ташланади.
Ангор, Бойсун, Жарқўрғон ва Сариосиё туманларида 74,7 гектар майдонда қад ростлаётган “Янги Ўзбекистон” массивларида 1 минг 560 хонадонли 66 та кўп қаватли уй-жой, 2 та мактаб, 1 та мактабгача таълим ташкилоти ва 1 та тиббиёт муассасаси фойдаланишга топширилади. Бу массивлар ҳудудида келгуси беш йилда 6 минг 136 хонадонга мўлжалланган 258 та кўп қаватли уй-жой қуриш режалаштирилган бўлиб, аҳолига зарур қулайлик яратиш учун 20 та ижтимоий соҳа ҳамда хизмат кўрсатиш ва сервис объекти ташкил этилади.
Буюк алломалар юрти, қадимий ва ҳамиша навқирон Сурхондарё дунё халқларини мафтун этадиган жозибадор туристик маконга айланди. Вилоятнинг туризм салоҳиятидан оқилона фойдаланиш учун ҳам йирик чора-тадбирлар белгилаб олинган.йил якунигача Бойсун туманидаги “Омонхона” қишлоғи, Сариосиё туманидаги “Сангардак” массиви туризм қишлоғига айлантирилади. Узоқ ўтмишдан сўзлайдиган тарихий-меъморий обидалар, археологик ёдгорликлар реконструкция қилиниб, сайёҳлар учун барча замонавий шароитлар яратилади. Термиз шаҳридаги Ибн Сино кўчаси гастраномик, тиббиёт ва экотуризм масканига айлантирилади.
Вилоятимиздан ўтадиган халқаро автомобиль йўллари ёқасида сайёҳларга замонавий хизматлар кўрсатишни ривожлантириш учун қиймати 128 миллиард сўмлик 75 та лойиҳа амалга оширилади.
Вилоятда юз берган бу ўзгаришларнинг барчаси Президентимизнинг узоқни кўзлаб олиб бораётган халқчил сиёсатининг амалдаги натижаси, воҳани ҳар тарафлама юксалтиришга, халқимизнинг ҳаёт даражасини янада оширишга кўрсатаётган беқиёс ғамхўрликларининг, “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган эзгу ғоянинг ёрқин ифодасидир.
ЎзА мухбири
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ суҳбатлашди.
–0–