Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳамда Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан жорий йилнинг апрель ойи “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” деб эълон қилинди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Навоий вилоят ва шаҳар Кенгаши томонидан Навоий шаҳридаги 14-умумтаълим мактабида “Биз коррупцияга қаршимиз” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, юртимизда коррупцияга қарши курашиш масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланган. 2016-2024 йилларда жами 80 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, 4 та давлат дастури тасдиқланган. Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатлар эса “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан тартибга солинади.

Мазкур ойлик доирасида партия фаоллари томонидан жойларда аҳолининг турли қатламлари орасида тарғибот тадбирлари ташкил этиб келинмоқда. Тадбирларда коррупциявий хатарларни аниқлаш, уларни бартараф этиш ҳамда коррупциянинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар, унинг оқибатлари мисоллар билан тушунтириб берилмоқда.

– Коррупция шундай иллатки, уни бир ёки икки идоранинг саъй-ҳаракати билан йўқ қилиб бўлмайди, – дейди партиянинг Навоий шаҳар Кенгаши раиси Одил Шамсиев.– Қачонки, барча фуқароларимиз, жамият унга қарши биргаликда курашиб, унинг илдизларини йўқ қилишга киришилсагина ижобий натижага эришиш мумкин. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “коррупция – бу давлатимизни ич-ичидан емириб, миллий хавфсизлигимизга рахна соладиган ғоят хатарли таҳдид ва унга қарши муросасиз кураш олиб бориш – барчамизнинг бурчимиздир”.
Тадбир сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири