Биз – бўлинмас бир халқмиз
Муносабат
1 ва 2 июль кунлари Нукус шаҳрида содир этилган воқеалар ҳақидаги хабар кўп миллатли ўзбек халқининг юрагига тиғдек ботди. Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила бўлиб яшайди. Ўзбекистон – умумий уйимиз. Фараз қилайлик, оиламизда бир кишининг боши оғриса, хоҳ қайнота бўлсин, хоҳ келин, хоҳ невара, ҳамма оила аъзолари нотинч бўлади. Бугун айрим ватандошларимизнинг бошига тушган қайғули ташвиш ҳаммамизники, аслида.
Очиқ гап, биз қайси миллат ёки элат вакили бўлмайлик, мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталикдан қувониб, йил сайин, кун сайин тараққий топаётган Ватанимиздан фахрланиб яшаймиз. Шукроналар айтамиз. Чунки, Ватанимиз тинчлиги энг олий неъмат эканлигини, тинчлик бўлмаса, томоғимиздан бир қултум сув ҳам ўтмаслигини, ҳаловатимиз йўқолишини ҳаммамиз яхши биламиз. Ота-боболаримизнинг дуоларидан унинг қадр-қимматини янада теранроқ англаймиз.
Бу олий неъматга кўз олайтирувчилар кўпайиб қолганлигини қўшни мамлакатлар мисолида кўриб, ҳар сафар вужудимизни бундай ғаламисларга нисбатан нафрат эгалларди. Нукусда бошланган нотинчликлар минглаб йиллардан буён тарихи бир, илдизи бир, ўзаги бир, турмуши бир, тили-ю дили ва дини бир бўлган юртдош дўстларимизнинг иши эмаслиги ойдек равшан.
Илон пайт пойлаб бошини кўтаргани сингари, Ватанимиздан ташқарида юрган, она Ватан қадрини билмайдиган, ғурурсиз, маънавиятсиз айрим юртдошларимизнинг қора кучидан фойдаланаётган ғаламислар тинч аҳолига жабр қилиш орқали ўзининг манфур мақсадларини амалга ошириш ниятида бош кўтаргани ҳеч биримизни бефарқ қолдирмади. Миллатимиздан, тилимиздан, ижтимоий келиб чиқишимиздан, диний қарашларимиздан қатъи назар, қондош ва жондош халқ сифатида руҳий осойишталигимиз бузилди.
Биз Ўзбекистон давлатчилик механизмининг куч ва салоҳиятига, халқимизнинг ҳамжиҳатлиги ва метиндек иродасига таянган ҳолда шуни ишонч билан айтамизки, оммавий тартибсизликларга чек қўйилади. Иғвогарларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши таъминланади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 57-моддасига мувофиқ, Конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиш, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқиш, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилиш, халқнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилиш каби фаолиятлар тақиқланади ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши
раиси ўринбосари.
ЎзА