Жиззах политехника институтида “Ўзбекистон ёшлар мамлакати” шиори остида маърифий тадбир ўтказилди.
Талаба-ёшларнинг миллий кийимларда институт ҳовлисига кириб келиши, барчага кўтаринки кайфият бағишлади. Ёшлар миллий анъана ва кўп асрлик қадриятларимизни эъзозлашини миллий либосларни кийиш, уларни тарғиб этиш орқали намойиш этди.
Шундан сўнг бу жўшқин жараён институт спорт майдонига кўчди. Моҳир тикувчи талаба-қизларнинг ижод маҳсули бўлган улкан байроқ талаба-йигитларнинг қўлида стадион узра ҳилпираб турди. Улкан байроғимиз ёнида эса миллий қадриятларимиз рамзи бўлган атлас кўйлак ҳамда дўппилар кийган талаба-қизлар иштирокида “ЎЗБEКИСТОН” ёзуви ёзилди. Бир тарафда кашта тикувчи қизлар ажойиб кўринишга келган кашта тикиш билан, яна бир неча нафари давлат рамзи бўлган байроқни тикиш билан шуғулланаётгани кишига ўзгача завқ бағишлади.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/F4BnZgy4CpE" title="“Biz birlashsak, katta kuchmiz!”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Шундан сўнг институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори Ғ.Эгамназаровнинг талабалар билан учрашуви бўлиб ўтди. У ҳар бир миллат фақат унинг ўзига хос бўлган анъана ва қадриятлари билан алоҳида ажралиб туриши, табиийки, ҳар қайси халқнинг бебаҳо бойлиги бўлган бундай қадрият ва анъаналар бир-икки кунда пайдо бўлиб қолмаганлиги, инсониятнинг неча минг йиллик тарихий тажрибаси, бирор-бир нарсанинг анъанага, айниқса, қадриятга айланиши узоқ даврни талаб қилиши, йиллар, асрлар давомида муайян қараш, одат, тушунча, тажрибалар замонлар, авлодлар синовидан ўтиши, сайқал топиб бориши ҳақида гапирди.
[gallery-11385]
Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор С.Эшбекова ўз сўзида талаба-ёшларни фаол бўлишга чақириб, юртимизда юз бераётган сиёсий жараёнлар, олиб борилаётган ислоҳотларнинг ёшлар учун аҳамияти ва бу ўринда миллий қадриятларни асраш, уларни ривожлантириш ҳақида гапирди.
– Агар маълум одат ва удум кейинги авлодлар томонидан ҳам қабул қилинса, давом эттирилса, демакки, энди уларни миллий анъана ва қадрият деб аташ мумкин бўлади, – деди С.Эшбекова. – Шунингдек, миллат учун муҳим аҳамиятга эга бўлган этник жиҳат ва хусусиятлар билан боғлиқ қадриятлар миллий қадриятлар дейилади. Миллий қадриятлар миллатнинг тарихи, яшаш тарзи, маънавияти ҳамда маданияти билан чамбарчас боғлиқ ҳолда намоён бўлади. Ўзбек халқининг асрлардан асрларга ўтиб келаётган миллий қадриятлари ҳам узоқ тарихий жараёнда шаклланган. Жумладан, ўзи туғилиб ўсган она юртига эҳтиром, ўз тақдирини мана шу юртсиз тасаввур қила олмаслик, ўтган аждодлар хотирасига садоқат, катталарга доимий ҳурмат кўрсатиш, ҳар қандай шароитда ҳам ҳаё ва андишани сақлаш, турмушда покликка алоҳида эътибор бериш сингари кўплаб фазилатлар бизнинг миллий қадриятларимиз асосини ташкил этади.
Тадбирда талабалар 2023 йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдумда фаол қатнашишга, “Конституция меники, сеники, бизники, Конституция ўзимизники” шиори остида бўлиб ўтаётган тадбирларда фаол иштирок этишга чақирилди.
Тадбирда профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ҳамда ходимлар иштирок этди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА