Битта қуён боқиш, ўнта қўйдан яхши...ми?
Чорвачиликда гўшт, сут, тухум ва балиқ маҳсулотлари билан бир қаторда қуён гўшти етиштириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Зеро, қуёнчилик етти хазинанинг биридир. Қолаверса, қуён гўшти парҳезбоп ҳисобланади. Фарғона вилоятида ҳам мазкур тармоқ билан шуғулланаётганлар сони йилдан йилга кўпайиб, қуёнчилик фермалари, агрофирмалар ташкил этилаётир.
Қўштепа туманидаги “Водий наслли қуёнлари” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги агрофирма бугун ўз тараққиёт йўлини танлаб олган.
– Тўрт йилдан буён мазкур соҳада тадбиркорлик фаолиятини олиб бормоқдамиз,– дейди агрофирма раҳбари Нуриддин Иминов. – 2020 йил ёзида шу ерда бинолар қурилиши, махсус жиҳозлар, ускуналарни ўрнатиш, қуёнларни олиб келишга астойдил киришдик. Лойиҳа қиймати 14 миллиард 200 миллион сўм бўлиб, “Микрокредитбанк” АТБ вилоят филиалидан 6 миллиард сўм кредит олдик, Россиядан 2 минг бош “Ҳикол” зотли қуёнларни келтирдик. Ҳозир уларнинг сони 5 мингга яқин, бир-икки ойда 20 мингга етказишни кўзлаганмиз.
Қуёнчилик деганда унинг гўшти-ю мўйнаси тушунилади. Бироқ узунқулоқ жониворнинг биз билмайдиган жиҳатлари кўп. Маълумотларга кўра, қуён қонидан тайёрланган зардобни тиббиёт йўналишида ишлатиш мумкин. Бир килограмм мия кукуни эса жаҳон бозорида 30 минг долларгача баҳоланар экан. Шу билан бирга, унинг чиқиндиси ҳам деҳқончиликда яхши самара беради. Бугунги кунда дунё миқёсида қуёнчиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганининг боиси ҳам шунда.
[gallery-1889]
– Қуёнлар парвариши алоҳида эътибор талаб қилади, чунки улар жуда таъсирчан, ошқозони нозик бўлади, – дейди агрофирма мутахассиси Ёқубжон Ғозиев. – Жониворлар учун етарли ем-хашак, озуқа захирасини яратганмиз. Ҳозирча улар кўпайиш жараёнида. Кунига 1,5 тонна гўшт етиштириш режамиз бор.
28 нафар доимий иш ўрни яратилган корхона раҳбари озуқа базаси учун ҳозирча 13 гектар ер мавжудлиги, келгусида уни кенгайтириш, қуёнчилик кластерини йўлга қўйиш, парҳез гўшт маҳсулотини “хомидан пишганигача” халққа етказиб бериш учун Фарғона шаҳрида савдо нуқтаси очиш каби мақсад-режалари ҳақида сўзлаб берди. Унинг айтишича, ҳозирнинг ўзида супермаркетлар томонидан кунига 700-800 килогача гўштга буюртма бор.
– Бу сердаромад соҳанинг сир-асрорларини ўргатишдан қочмайман, ёш тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрман, – дейди Нуриддин Иминов. – Қуёнларни тирик ҳолда сотишни ҳам ўйлаганмиз. Йилига 400-500 тонна гўшт, 200 минг бош она қуён етказиб бера оламиз. Ҳозирча бир килограмм қуён гўштини 45 минг сўмдан сотяпмиз, келажакда яна арзонлашади.
Бу ерда йил охиригача қўшимча бинолар қуриш, селекция-наслчилик ишларини йўлга қўйиш, озуқа етиштириш учун ер майдонларини кўпайтириш, терини қайта ишлаш участкасини ишга тушириш, яна 70-80 та доимий иш ўрни яратиш мақсадлари йўлида ишлар олиб борилмоқда.
М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА