Хоразм вилоятида ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида битта Президент мактаби, Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги ижод мактаби ҳамда 11 та ихтисослаштирилган мактаблар фаолият кўрсатмоқда.
Бугун барча вилоятларда бўлгани каби Хоразмдаги ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ҳам қабул имтиҳонлари бошланди. Имтиҳонлар 4 июлдан 10 июлга қадар давом этади. Кун иссиқ бўлганлиги учун бино ичкарисига совитиш мосламалари ўрнатилган.

2024-2025 ўқув йили учун мазкур мактабларга жами 14 минг 281 та ариза келиб тушган. Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида имтиҳонларни юқори савияда ўтказиш учун барча шароитлар яратилган.

– Кириш имтиҳонларини катта сиғимли ёпиқ биноларда ўтказиш белгиланган, – дейди Хоразм вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ихтисослаштирилган таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш шўъбаси мудири Юлдуз Отажонова. – Имтиҳонлар уч сменада ташкил этилади.

– Мен Урганч шаҳридаги ихтисослаштирилган мактабга кириш учун имтиҳон топширдим, – дейди Фаррух Абдуллаев. – Аниқ фанлар йўналиши бўйича математикадан 30 та, инглиз тилидан 15 та, жами 45 та тест шаклидаги топшириқларни бажардим.
Кириш имтиҳонларни юқори савияда ташкил этиш бўйича вилоят ҳокимлиги, Ички ишлар, Миллий гвардия, Тез тиббий ёрдам, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ҳамкорлигида тизимли тайёргарлик кўрилди. Ота-оналар, кузатувчилар учун ҳам етарли шароитлар яратилди. Жумладан, улар кутиш жойларидан туриб имтиҳон жараёнларини онлайн кузатиш имкониятига эга бўлишди.

– Қизим Асалой Қўшкўпир туманидаги ихтисослаштирилган мактабга кириш учун имтиҳон топширди, – дейди Зарифа Ҳайитова. – Биз бу жараёнларни монитор орқали кузатиб бордик. Шундай имкониятлар яратилганидан жуда хурсандмиз. Шароитлар ҳам яхши ташкил қилинган.
Маълумот учун талабгорларга тест топшириқларини бажариш учун 90 дақиқа вақт берилади.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА