Битирувчиларнинг бандлиги таъминланади
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг мазкур олий ўқув юрти битирувчилари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда вазирлик ҳамда институт масъуллари, ҳудудий бўлинмалар, битирувчи талабалар иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова таълим соҳасида кечаётган янгиланиш жараёнлари педагог кадрларнинг касбий малакаси, салоҳияти, маҳорати, билимига, ўз ишига фидойилик ва садоқат билан ёндашувига бевосита боғлиқ эканини таъкидлади.
Мулоқот давомида эътироф этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимиз таълим тизимини тубдан ўзгартириш, уни халқаро стандартларга интеграциялаш, меҳнат бозори талабларига мос юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Юртимизда ёшларга олий таълим олиш учун кенг имкониятлар яратилгани сабабли олий таълим масканлари сони 2,5 баробарга ортиб, 210 тага етди. Олий таълимда рақобатни қўллаб-қувватлаш ва хусусий секторни жалб этиш орқали 30 та хорижий ҳамда 65 та нодавлат олий ўқув даргоҳи ташкил этилди. Шу асосда ёшларни олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга оширилди.
Ҳар йили мамлакатимизда 200 минг нафардан ортиқ ёшлар олий таълим масканини тугатиб, меҳнат бозорига кириб келади. Уларнинг бандлигини таъминлаш, мутахассислигидан келиб чиқиб иш ўринлари яратиш устувор вазифалардан саналади.
Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 4 март куни бўлиб ўтган олий ўқув юрти талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ишлаш ва қўшимча даромад топишга эҳтиёжи бор талабаларнинг бандлигини таъминлаш муҳим вазифалардан этиб белгиланган.
Мазкур вазифани бажариш борасида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
[gallery-17763]
Жумладан, 2022/2023 ўқув йилида университетни 5 минг 201 нафар талаба тамомлади. Уларнинг 4 минг 703 нафарининг бандлиги таъминланди. Бандлиги таъминланган талабаларнинг 3 минг 197 нафари ўз мутахассисликлари бўйича ишга қабул қилинди.
Жорий йилда университетни 5 минг 108 нафар талаба тамомламоқда. Уларнинг 625 нафари давлат грантлари асосида, 4 минг 483 нафари тўлов-шартнома асосида таълим олган. Ушбу талабалар ҳақида тўлиқ маълумотлар вазирлик орқали ҳудудий Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларига етказилган. Бу эса битирувчиларнинг меҳнат бандлигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади.
Н.Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (суратлар), ЎзА