Андижон давлат университетида ректор Бахтиёржон Акбаралиев Физика-математика ва ахборот технологиялари ҳамда Кимё ва биология факультетлари битирувчи талабалари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашувнинг асосий мақсади талабаларнинг олийгоҳда эгаллаган назарий билим ва амалий кўникмаларини мустақил ҳаётда самарали қўллашга тайёрлаш, уларни касбий фаолиятга йўналтириш, меҳнат бозоридаги ўрни ва масъулиятини чуқур англашларига кўмаклашишдан иборат бўлди.
Тадбирда ректор мамлакатимизда таълим тизимини такомиллаштириш, илм-фан ва инновациялар ривожини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, ёшларни замонавий билим ва касбий кўникмаларга эга бўлишлари, уларнинг ижодий салоҳиятини юзага чиқариш ҳамда рақобатбардош мутахассис сифатида шаклланишлари учун яратилаётган имкониятларга алоҳида тўхталиб ўтди.
[gallery-25876]
Мулоқот давомида битирувчи талабалар ўз фикр ва таклифларини билдиришди, уларнинг ишга жойлашиш жараёнида учраётган муаммолари ўрганилди. Ректор ёш мутахассисларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини қайд этиб, ҳар бир битирувчи доимо ўз устида ишлаши, билим ва малакасини мунтазам ошириб бориши зарурлигини таъкидлади.
Бу каби очиқ мулоқотлар талабаларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш ҳамда муваффақиятли карьера қуришларига кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА