Битирувчи бандлиги – муҳим масала
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар битирувчиларини сифатли тайёрлаш ҳамда уларнинг меҳнатидан самарали фойдаланиш бўйичамувофиқлаштирувчи кенгашнинг йиғилиши бўлиб ўтди.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар битирувчиларини сифатли тайёрлаш ҳамда уларнинг меҳнатидан самарали фойдаланиш бўйичамувофиқлаштирувчи кенгашнинг йиғилиши бўлиб ўтди.Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг корхона ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш, уларни иш билан таъминлаш масаласи муҳокама этилган йиғилишда ушбу масала давлатимизнинг доимий эътиборида экани алоҳида таъкидланди.
Президентимизнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун иш ўринлари яратиш, уларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишини қўллаб-қувватлаш маҳаллий ҳокимликлар ва мутасадди идораларнинг энг муҳим вазифаларидан бири эканига эътибор қаратилди.
– Жорий ўқув йилида вилоятдаги коллежларнинг 55 минг битирувчиси 8 ҳафта давомида корхона ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташи белгиланган, – дейди Самарқанд вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Р.Йўлдошев. – Ўқувчилар эгаллаётган мутахассислигига кўра, 22 йўналиш бўйича 30 бошқарма, корхона ва ташкилот ҳамда улар тизимидаги 588 муассасага бириктирилди. Амалиёт ўтайдиган ўқувчилар ҳақидаги маълумотлар базаси шакллантирилиб, ҳар бир коллеждан масъул ходим тайинланди. Яна бир янгилик, энди ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш бўйича шартномани туман ёки шаҳар ҳокими, коллеж директори, амалиёт ўтайдиган корхона раҳбари, битирувчи ва унинг ота-онаси имзолайди. Шартномада томонларнинг аниқ мажбуриятлари белгилаб қўйилган бўлиб, унга кўра, туман-шаҳар ҳокимига касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш, ишга жойлаштирилишини назорат қилиш мажбурияти юкланган.
Аввалги йиллардан фарқли ўлароқ, бу йилги тизимда қўшимча равишда коллеж ўқувчисининг ишлаб чиқариш амалиётидаги иштироки, ўқишда олган назарий билимини амалиётда қўллай олиши юзасидан корхона раҳбари томонидан унга тавсифнома бериш тизими жорий этилди. Бу коллеж раҳбари учун корхона томонидан берилган буюртма вазифасини ўтайди ва шу асосда битирувчиларнинг амалиёт жараёни баҳоланади, шунингдек, битирувчининг ишга қабул қилинганлигига аниқлик киритилади.
Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган битирувчиларга имтиёзли кредит ажратиш борасида ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ҳозиргача 7 минг 600 дан зиёд йигит-қиз тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган бўлиб, тижорат банклари томонидан уларга 40 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратиш режалаштирилган.
Тадбир доирасида “Биз келажак мутахассисларимиз” шиори остида кўргазмали семинар ўтказилди. Унда вилоятдаги касб-ҳунар коллежлари битирувчилари 21 ихтисослик йўналиши бўйича эгаллаган касб кўникмаларини амалда намоён этди.
Шунингдек, ихтисослаштирилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилиб, битирувчиларга тавсиялар берилди.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими З.Мирзаев сўзга чиқди.