Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 5-6 ноябрь кунлари Туркий давлатлар ташкилоти XI саммити ўтказилади. Навбатдаги анжуман учун “Турк дунёсини мустаҳкамлаш: иқтисодий интеграция, барқарор ривожланиш, рақамли келажак ва барча учун хавфсизлик” мавзуси танланган.
Қирғиз Республикаси Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, расмий тадбирлар давомида полиция хавфсизлик ва жамоат тартиби, йўл ҳаракати хавфсизлигини тўлиқ таъминлайди. Шахсий таркиб юқори тезликда хизмат қилади. Расмий ва байрам тадбирлари ўтадиган жойлар алоҳида назоратга олинади. Йўлларнинг айрим қисмларида транспорт воситалари ҳаракати чекланади.
Мамлакат Таълим ва фан вазирлиги маълум қилишича, шу икки кун олий ўқув юртлари, ўрта ва бошланғич касб-ҳунар таълими муассасаларида дарс жараёни онлайн-форматга ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, ТДТ таркибида Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия бор, кузатувчи давлатлар эса – Туркманистон ва Венгрия. Тузилма бош идораси Истанбулда жойлашган.
Г.Сатторова,
ЎзА