Бировнинг мияси билан яшаб бўлмайди
Бугун ижтимоий тармоқларда муаллифлик ҳуқуқи долзарб мавзулигича қолмоқда. Кимнингдир мақоласи, кимнингдир шеъри, яна кимнингдир ҳикояси «ўғирланган». Ҳатто суратлар, постлар ҳам муаллиф кўрсатилмаган ҳолда ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда...
– Инсон қандай қилиб бировнинг мияси билан яшаши мумкин, – дейди журналист Ҳаким Сатторий. – Бошқанинг ижодий маҳсулотини кўчириб олиб тагига ўзини имзосини қўйиш, мен ўзганинг мияси билан яшайман, дегандай гап мен учун. Кейин яна бир қизиқ ҳолат бор. Ўзи бор йўғи икки уч саҳифалик мақолага икки учта муаллиф кўрсатилади. Қандай қилиб шундоғам мазмуни, моҳияти абгор ҳолда бўлган мақолани учта киши ўтирволиб ёзган бўлса, деб ўйлаб қоласан киши.
Ўзбекистон қонунчилигида муаллифлик ҳуқуқларини бузган шахсга тегишли тартибда чора кўрсатилган. Аммо бу, иллатнинг камайишига асос бўлади дегани эмас. Қотилга ўлим жазоси берилса ҳам жамиятда қотилликлар камайишига ҳеч ким кафолат бермайди.
– Муаллифлик ҳуқуқи топталиши одатий ҳолга айланиб қоляпти, – дейди шоир Йўлчи Рўзиев. – Буни жонли мисоли сифатида гувоҳи бўлганман. Мен ҳам айни кунда муаллифлик ҳуқуқларимни талаб қилиб юрибман. Айни кунда суд ўз ҳукмини чиқарди. Аммо иккинчи томон билан муросага келиш қийин бўляпти. Ижод аҳли ўзи ёзган ижод маҳсулотларини кўз қорачиғингиздек асраши керак. Ундан бошқалар фойда кўрмасин.
Айрим ҳолларда муаллифлик ҳуқуқи бузилиши кузатилса ҳам муаллиф бунга эътиборсиз бўлади. Лекин бу дунёдаги ҳар бир нарсанинг эгаси бор.
– Инсоннинг интеллектуал салоҳиятини ўзлаштириш ўқувчиларга бўлган ҳурматсизликдир, – дейди адабиётшунос олима Нилуфар Тошева. – Бир шеър икки инсон номидан, бир мақола икки одам номидан ҳатто китоблар турли муаллифлар номидан чоп этилса, одамларнинг сўзга бўлган ҳурмати сусаяди. Ижод аҳлига кўчирмачи, деган лақаб ярашмайди. Сўзни ва ўзини ҳурмат қилган инсон, албатта ўзгаларнинг ижод маҳсулини ўзлаштириш ҳақида ўйламайди. Кўпроқ бадиий асарлар ўқиб, дунёқарашини кенгайтириб, ижод қилади.
Ижтимоий тармоқлар шундоғам муаллифсиз постлару, муаллифсиз суратларга тўлиб кетган даврда яшаяпмиз. Йиллар ўтиб, аниқлашнинг имкони бўлмаган, муаллифи номаълум асарлар рўйхати чўзилиб кетмасин. Асарларингизни ўзингиз асранг.
Д. Маматова, ЎзА