Биродарлашган шаҳарлар ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
Навоий вилоятининг Зарафшон ва АҚШнинг Клинтон шаҳарлари ўртасида имзоланган биродарлашган шаҳар тўғрисидаги битимга кўп вақт бўлмаган бўлсада, ҳамкорлик алоқалари ривожланмоқда.
Навоий вилоятининг Зарафшон ва АҚШнинг Клинтон шаҳарлари ўртасида имзоланган биродарлашган шаҳар тўғрисидаги битимга кўп вақт бўлмаган бўлсада, ҳамкорлик алоқалари ривожланмоқда.
АҚШнинг Миссисипи штати губернатори иштирокидаги делегация жорий йилнинг 16 май куни мамлакатимизга расмий ташриф буюриб, иқтисодий-сиёсий ва ижтимоий соҳаларда ҳамкорликни ўрнатиш масалаларини муҳокама қилган эди. Хусусан, штат таркибидаги Клинтон шаҳри мэри жаноб Фил Фишер Зарафшон шаҳрида бўлиб, иккала шаҳар ўртасида биродарлик ришталарини ўрнатиш битими имзоланган эди.
Мазкур битимга мувофиқ иккала шаҳар ўртасида инвестициявий, савдо, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳаларида ҳамкорлик ўрнатиш юзасидан бир қатор тадбирларни амалга ошириш белгилаб олинган.
Шу мақсадда жаноб Фил Фишернинг таклифига биноан Зарафшон шаҳар ҳокими Анвар Ражабов Клинтон шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турибди. Бу ҳақда Зарафшон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Ташриф давомида Клинтон шаҳри ҳудудида жойлашган саноат генераторларини ишлаб чиқарувчи “Taylor Power Manufacturing Plant”, полимер маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи “Gulf States Canners” ва “McNeely Plastics”, автомобил шиналарни ишлаб чиқарувчи “Continental Tire” компаниялари ҳамда балиқчилик, паррандачилик, мева-сабзавотларни қайта ишлаш корхоналари ва логистика марказлари билан яқиндан танишиш, Зарафшон шаҳрида янги инвестицион имкониятларни аниқлаш ва ҳамкорликда ишлаб чиқиш ҳамда йирик қувватларни ташкил этиш кўзда тутилган.
Шу билан бирга ижтимоий-гуманитар соҳаларни ривожлантириш мақсадида Клинтон шаҳридаги “Clinton Park, Eastside/Northside Elementary” мактаби ва Миссисипи коллежининг “Office of Global Education” дастури билан танишиб, малакали педагог-ўқитувчиларни Зарафшон шаҳрига таклиф этиш бўйича меморандум имзоланиши кутилмоқда.
Расмий ташриф давом этмоқда.