Бирни кессанг ўнни эк
Халқимизда бирни кессанг ўнни эк, деган нақл бор. Ўтган йиллар давомида Қашқадарё вилоятининг маркази ва туманларда кенг кўламли шаҳарсозлик лойиҳаларини амалга ошириш давомида кўплаб дарахтлар баъзан рухсат билан, баъзан рухсатсиз кесиб ташланди.
Лекин ўтган йил кузидан бошлаб, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятнинг барча ҳудудларида манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экиш ишлари бошлаб юборилди. Ушбу эзгу саъй-ҳаракатларда ҳудуддаги барча давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари ихтиёрий равишда иштирок этиб, ўз ҳиссаларини қўшмоқда.

Бошқа соҳалар қатори Қашқадарё вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ходимлари ҳам “Яшил макон” тадбири доирасида вилоятимиздаги маҳаллаларда қаровсиз ётган майдон ва бино атрофларида дарахт экмоқда. Хусусан, Қамаши тумани Чим маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган бўш турган ер майдонларига, йўл четларига мевали ва манзалари дарахтлар экилди. Шу куни тадбир доирасида фонднинг вилоят бўлими ва маҳаллий бўлинмалари ходимлари томонидан 200 тупдан ортиқ кўчат ўтқазилди.
Қарши шаҳрининг Араловул ва Ғузор туманининг Амир Темур маҳалла фуқаролар йиғинларида жами 500 тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Бу борадаги ишлар вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг шаҳар ва туман бўлинмалари томонидан вилоятимиз бўйлаб кенг қамровда давом этмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА