Бирмиз! Бу балони биргаликда енгамиз
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 26 март куни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 26 март куни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда давлатимиз раҳбари халқимизга мурожаат қилиб, бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонимизда кечаётган пандемияга қарши курашда масъул, интизомли ва ҳамжиҳат бўлишга чақирди.
Мамлакатимизда коронавирусга қарши курашиш бўйича Бош вазир раҳбарлигида республика комиссияси тузилиб, жиддий тадбирлар амалга оширилмоқда. Махсус инқирозга қарши кураш фондини ташкил этилганлиги, жадал суратларда бошланган махсус касалхоналар қурилиши, экспресс ташхис жиҳозларини хориждан келтириш, таълим муассасаларида таълим жараённи масофавий режимга ўтказилганлиги, карантин талабларини кучайтириш бўйича қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича қарорларни ўз вақтида қабул қилинди. Айрим ривожланган мамлакатларда ушбу тезкорликни таъминланмаганлигининг аянчли оқибатларини афсус билан кузатаяпмиз.
Фидоий тиббиёт ходимлари меҳнатини қадрлаш, хизматини баҳолашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тизимни керакли дори-дармон, тиббий ускуна ва буюмлар билан таъминлашдек кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори муҳим аҳамиятга эга.
Юртдошларимизни, халқимиз вакилларини чет эллардан қайтариб келиш, уларнинг саломатлигини аниқлаш, лозим ҳолларда карантинга олиш чоралари кўрилмоқда. Карантинга олишга мослаштирилган масканлар барпо этиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, таъкидлаш лозимки, биз ўзимиз, ҳар биримиз ўзимиз учун, ўзимизнинг соғлигимиз учун, оиламиз ва яқинларимиз учун масъулият ҳис этаяпмизми? Дунёда кечаётган воқеалардан хабардорлик даражамиз етарлими? Мамлакатимизда олиб борилаётган ишлардан-чи? Уларнинг моҳиятини англаяпмизми? Бугун ҳар биримиз ўзимизга қуйидаги саволларни бериб қўйишимиз шарт ва зарур. Давлатимиз биз учун, ҳар бир фуқароси учун қайғураётган дамларда мен ўзим учун қайғураяпманми, дея ўзимизга мурожаат қилишимиз керак. Раҳбарият томонидан масъулликнинг юқори даражаси ва халқпарварлик кўрсатилаяпти. Олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни йўққа чиқармаслик учун биз нима қилаяпмиз? Ички ишлар вазирлигининг расмий маълумотларига кўра бир кунда карантин ҳолати талабларини бузганлиги учун 3 мингдан ортиқ фуқаролар жаримага тортилди. 10 га яқин фуқароларга жиноят иши очилди. Бу нима дегани? Биз ва бизни фарзандларимизнинг хавфсизлиги учун ўзимизга боғлиқ бўлган ишларни биз учун ким қилиб бериши керак?
Касалликнинг тарқалиш жараёни кўрсатмоқдаки, ҳеч ким бу вирусни юқтириб олмасликдан кафолатланмаган. Шу сабабдан эътиборсизликка йўл қўйиш, ўзини бу хавфдан ҳоли ҳис этиш каби туйғуларга берилиш даври эмас. Бепарво, ўз тақдири учун бефарқлар томонидан ўйлаб топилган — “қирқ йил қирон келса ҳам ажали етган...” қабилида иш тутиш мутлақо кечириб бўлмас хатоликдир.
Халқимиз орзу-ниятли халқ. Яхши кунларини қариндошлар, яқинлар даврасида ўтказади. Тўйлар, томошалар қилади. Бу азалий қадриятларимизнинг узвий бўлагидир. Яхши ниятда ёзилган дастурхонимиз азага айланиб кетмаслигини ҳис қилишимиз, тушунишимиз даркор. Халқимизнинг “ўзини асраганни Яратган асрайди”, деган ибратли мақоли бор. Шу ўринда бу балони Яратгандан синов бўлиб келди дейиш мумкин. У бизни инсон сифатида шукрдан узоқлашганлигимизни, буюк иноят — соғлигимизга нисбатан шафқатсиз бўлиб кетганимизни, атрофимиздагиларга беъэтибор, беоқибат бўлиб кетаётганимизни эслатаётгандек. Тўрт мучаси соғ-саломат, тоғни урса талқон қилгулик танаси билан “давлат менга тайёр берсин” дея аюҳаннос солаётган эр киши-ю, бешта фарзандни беш отасидан алимент ундиролмай шикоятларини ортидан югуришга улгурмаётган “онахонлар”ни ҳам кўраяпмиз. Президент эл дардини тинглаш учун ташаббус қилган қабулхоналарни қарз бермаган қўшнимизу, молхонамизни тозалаб бермаган маҳалла раисларини шикояти билан тўлдириб ташладик...
Халқимиз не балоларни бошдан ўтказмаган, урушларни кўрган, очарчиликларга бардош берган. Барча қийинчиликларни доим ҳам юксак интизом, сабр-бардош билан енгиб келган, ғолиб бўлган. Кексаларимизнинг уруш йиллари хотиралари эслайлик. Очарчилик халқнинг тинкасини қуритиш баробарида ҳар хил касалликлар хуружларига дуч келган, лекин уларни мардонавор енгиб ўтган. Мардона қарши туриш халқимизга хос хусусият. Шу ўринда иккинчи жаҳон уруши даврида Нидерландияда асирликда бўлган бир юзу бир ўзбек аскарлари ҳақидаги хикояни эслаш жоиз. Ойлаб оч қолган ўзбекларни олдига “томоша кўриш учун” ташланган бир бурда нонни талашмасдан, тенг тақсимлаб олиб ўзбек халқининг ғурури, орияти ва интизомини намоён қилганлар. Оғир кунда ҳамжиҳатлик ва бирдамликнинг олий намунасини кўрсатишган.
Бугунги воқелик, мамлакатимизда кечаётган жараён бизга кимлигимизни, кимларнинг авлоди эканлигимизни унутмасликка ундайди. Биз коронавирус балосига фақатгина бирлашиб қарши туришимиз мумкин.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси халқимизга “Бирмиз! Қалбан биргамиз! дея даъват этмоқда. Ҳар биримиз ўзимизга ва атрофимизга нисбатан масъул бўлайлик. Бу балони фақатгина биргаликда енгишимиз мумкин эканлигини англаб етайлик. Оиламиз, фарзандларимиз, халқимиз ва жонажон ватанимиз олдидаги масъулиятимизни намоён қиладиган вақт келди.
Алишер Қодиров,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси